Ру Ўз O`z En

Сардобада ўтган 6 ой давомида чорвачиликда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 42 та ёзма кўрсатма ва огохлантиришлар берилди

3 Август 2022 1564

Бугунги кунда, аҳоли хонадонларида ва фермер хўжаликларидаги чорва моллари наслини яхшилашнинг энг арзон ва қулай усули - сигирларни сунъий уруғлантиришдир. Хусусан, сунъий уруғлантирилган сигирлардан олинган биринчи авлод бузоқларини ўсиши ва маҳсулдорлик кўрсатгичлари табиий йўл билан уруғлантиришдан олинган бузоқларга нисбатан 25 фоизга ошишига эришилиши амалда яққол намоён бўлмоқда.

Шу мақсаддаги ишлар Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида 4 та ветеринария участкаси ва 4 та “Чорванасл” марказининг мутахассис-осеменаторлар томонидан аҳоли ва фермер хўжаликлардаги қочириш ёшидаги сигир ва таналарни сунъий уруғлантириш бўйича сервис хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Ҳозирги кунда туманда 71 та чорвачилик фермер хўжаликлари фаолият юритиб, уларда 4 минг 729 бош қорамол, шундан 1 минг 566 бош сигир, 7 минг 317 бош майда шохли моллар парвариш қилинмоқда.

“Ўзагроинспекция”нинг Сардоба туман бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасига кўра, Австрия давлатидан наслли қорамол олиб келган 4 та фермер хўжаликлари - “Воҳидбек Равшан чорваси” фермер хўжалигида 35 бош қора-ола голштин зотли, “Зойирбек чорва келажаги” фермер хўжалигида 87 бош симментал зотли, “Янгиободда юксалиш чорваси” фермер хўжалигида 33 бош симментал зотли ва “Аслиддин ва Жавоҳир ҳамкорлиги” фермер хўжалигида 83 бош симментал зотига мансуб қарамоллар парвариш қилиб келинаётгани аниқланди", - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Сардоба туман бўлими “Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш шўъбаси” катта инспектори Қаҳрамон Турсунбоев.

Мазкур фермер хўжаликларида ўтказилган назорат тадбирлари давомида наслли қорамоллардан унумли фойдаланиш, бир хил озиқлантириш типини ташкил қилиш учун озуқа цехи фаолиятини тиклаш, сунъий уруғлантириш пунктини жиҳозлаш ҳамда соф зотли урчитишни ташкил қилиш учун тегишли зотга мансуб наслли буқаларнинг музлатилган уруғини харид қилиш юзасидан ёзма кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.03.2021 йилдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5017-сонли қарори билан берилган имтиёзлар тушунтирилиб, “наслчилик хўжалиги” мақомини олишлари учун белгиланган тартиб ва талаблар бўйича тавсиялар берилди.

“Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими томонидан чорвачиликда наслчилик йўналишида жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 38 та ёзма кўрсатма ва 4 та огоҳлантириш берилди. Ҳозирги кунда инспекция органларига юклатилган вазифа ва топшириқлардан келиб чиқиб доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати

 

Text to speech