Ру Ўз O`z En

Шўр ювиш тадбирларининг сифатли ўтказилиши мўл ҳосил гаровидир

18 Январь 2023 2042

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда шўр ювиш ишларини амалга ошириш муҳим саналади. Бунда мазкур агротехник тадбирнинг сифатли ўтказилиши алоҳида аҳамиятга эга ва табиийки алоҳида илмий ёндашувларни талаб қилади.

-Шўр ювиш ишлари зовурларни қазишдан бошлаш мақсадга мувофиқдир. Сабаби зовурлар қазилмасдан туриб шўр ювишнинг самараси кам бўлади, дейди “Ўзагроинспекциянинг Жиззах вилоят бошқармаси катта инспектори С. Мирзакаримов.- Шўр ювиш учун дастлаб ер майдони яхшилаб чизелланади. Сўнгра ер текисланиб, марзалар олинади ва сув тўплаш учун поллар ҳамда ўқ ариқлар ҳосил қилинади. Поллар тупроқнинг сув сингдирувчанлиги, ернинг текисланганлиги ва нишабига қараб турлича олиниши мумкин.

Ҳисоб-китобларга қараганда, Жиззах вилоятида жами 44 минг 600 гектар ер майдонда шўр ювиш режалаштирилган бўлиб, мавсум давомида сал кам 26 минг 500 гектар ер майдони шўрдан ювилган. Шунингдек, 6 минг гектар ерда пушта олиш белгилаб берилган. Қишнинг қорли кунларига қадар, вилоят бўйича 1 минг 331 гектардан ошиқроқ майдонда ер текисланиб, 1 минг 200 гектарга яқин ерда пушта олиш ишлари амалга оширилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сув – олинган ўқ ариқлар орқали ҳар бир полга алоҳида-алоҳида тўлдирилсагина марзалар ювилиб кетмайди. Мазкур агротехник тадбирлар ернинг қай даражада шўрланганлигига қараб 5-6 мартагача олиб борилиши мумкин. Ушбу жараёнда тупроқ таркибидаги тузлар ер остига сингиб, зовурлар орқали чиқариб юборилади.

Бу каби тадбирлар, хусусан ердаги шўрнинг сифатсиз ювилиши ва ортиқча сув исрофгарчилигига йўл қўймаслик, сувдан самарали ва мақсадли фойдаланиш борасида жойларда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу бўйича хўжаликлар раҳбарларига 60 та огоҳлантириш хатлари ва масъул шахсларга 7 та ёзма кўрсатма берилган.

Умуман олганда, кучли шўрланувчи ерларнинг шўрини тез-тез ювиб туриш даркор. Чунки, ҳосилдорлик шўр ювилмагандагига нисбатан 4-5 марта юқорироқ бўлади.

Ўзагроинспекция” Жиззах вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

Text to speech