Ру Ўз O`z En

СИФАТЛИ ТАНЛАНГАН УРУҒ ВА КЎЧАТ- МЎЛ ҲОСИЛ ГАРОВИ

3 Март 2021 2241

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бугунги куннинг муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.

Шу боис Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан боғ ва токзорлар яратиш, сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларини экиш тадбирлари алоҳида назоратга олинган.

Маълумот ўрнида, вилоятда ўтган 2020 йилда вилоят 773 гектар боғ, 580 гектарга янги токзорлар ташкил этилди. 2021 йилда 3232 гектарга янги боғ, 3876 гектарга интенсив усулда янги токзорлар ташкил этиш бўйича 480 нафар лойиҳа ташаббускорлари танланиб, бу борадаги ишлар жадал тарзда амалга оширилмоқда. Шунингдек, 2359 гектарга сабзавот, 533 гектарга полиз экинлари ва 705 гектар майдонда картошка экилиши режалаштирилган.

Маълумки, вилоятимиз аҳолисининг аксарият қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Вилоят бўйича жами 12 786 гектар томорқа мавжуд бўлиб, ундан тўлақонли фойдаланиш сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларидан юқори ҳосил олишни таъминлайди. Сабзавот ва меваларнинг оила дастурхонида доимий бўлиши, оила аъзоларининг жисмоний соғлом бўлишини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Шу билан бирга ортиқча маҳсулотини сотиш билан оила бюджетига қўшимча сармоя киритилади.

Кейинги йилларда сабзавот, полиз ва картошка экинлари маҳсулотига бўлган талаб кундан кунга ўсиб бормоқда. Шуни эътиборга олган деҳқонларимиз юқори сифатли маҳсулот олиш учун курашмоқда. Айниқса, шаҳар ва туманларда иссиқхоналарнинг кўплаб қурилиши ўсиб бораётган аҳолини қиш пайтларида ҳам витаминларга бой ҳўл сабзавотлар билан таъминлашга хизмат қилади. Шу ўринда шахсий томорқасидан мўл ҳосил олишни истаганлар бу борадаги айрим маслаҳат ва тавсияларга амал қилишса, фойдадан холи бўлмайди.

- Бугунги кунда деҳқон ва фермер хўжаликлари далада сабзавот, полиз ва картошка экиш учун ер тайёрлаш ҳамда кўчат ва уруғликларни жамғаришга киришган, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармасининг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими бош инспектори Аббос Ризоқулов. – Афсуски, айрим ҳолларда деҳқонларимизнинг эьтиборсизлиги туфайли нави, авлоди аниқ бўлмаган, сараланмаган, зараркунанда ва касалликларга қарши дориланмаган мевали кўчатлар, сабзавот-полиз, картошка уруғларидан фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилади. Натижада сертификатланмаган уруғлар замбуруғли касалликлар, колорадо қўнғизи, симқуртлар ва бошқа ҳашаротларнинг тарқалишига сабаб бўлиб, экинларга катта зарар келтирмоқда.

Шуни эътиборга олган ҳар бир сабзавоткор ва фермер деҳқон хўжаликлари зараркунанда ва касалликларни тарқалишини олдини олиш мақсадида уруғ бўйича қуйидаги тавсияларга амал қилса мақсадга мувофиқ бўлади. Жумладан, картошка уруғини танлаш учун биринчи навбатда унинг навини, уруғнинг нишлаганлиги, касалланмаганлиги ёки чиримаганлиги ва зараркунандалар билан зарарланмаганлигини аниқлаш керак.

Қўшни вилоятдан келтирилган бўлса, ҳудудий Ўсимликлар карантин давлат инспекцияси назоратидан ўтганлиги тўғрисидаги фитосанитар сертификати мавжудлигини сўраш лозим бўлади. Чет давлатлардан келтирилган бўлса, тегишли давлатнинг мувофиқлик сертификати борлигини талаб қилиш зарур. Шунингдек, экишга яроқлилик муддати ўтмаганлигига ҳам эътибор қаратиш керак.

Маҳаллий деҳқонлар томонидан етиштирилган уруғлардан биринчи навбатда унинг тозалиги, зараркунандалар билан зарарланмаганлигига ишонч ҳосил қилгач, сўнг намуна олиб унувчанлигини лабаратория шароитида синаб, экишга яроқлиги хулосаси бўйича экиш тавсия этилади.

Айни пайтда бозорлар ва хусусий савдо дўконларида сотилаётган кўчатлар, картошка, сабзавот ва полиз экинларининг сифатии ҳамда экишга яроқлилиги назорати бўйича Инспекция вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан доимий равишда тадбирлар ўтказилмоқда.

 

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech