Ру Ўз O`z En

Сифатсиз уруғлик чигит етказиб беришнинг олди олинмоқда

11 Май 2021 2452

Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги қонуни 17-моддаси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига бир қатор ҳуқуқлар, яъни ҳар қандай уруғлик етиштирувчининг, реализация қилувчининг ва уруғликлардан фойдаланувчиларнинг ҳудудига кириш, уруғлик тўдаларига доир зарур ахборот, ҳужжатлар ва намуналарни олиш, уруғликларни қонун ҳужжатларини бузган ҳолда сақлашни, реализация қилишни тўхтатиб қўйиш ёки тақиқлаш каби ҳуқуқлар белгиланган.

Шунга мувофиқ, Инспекциянинг Тошлоқ туман бўлими томонидан “Toshloq Paxta Tozalash” АЖда “Уруғчилик тўғрисида”ги қонун талаблари, уруғлик чигитларнинг сифатини аниқлаш ва сақлаш қоидаларига риоя қилиниши ҳолатлари бўйича текширув ишлари олиб борилди.

Текширишлар давомида ушбу акциядорлик жамиятининг “Заркент” пахта сақлаш масканига қарашли уруғлик сақлаш омборида жами 3 та партиядан иборат уруғлик чигити мавжуд бўлиб, тақдим этилган ҳужжатларга асосан жамиятга тегишли бўлган 2019 йил ҳосили учун Наманган вилояти “Уйчи” пахта тозалаш корхонасида тайёрланиб олиб келинган 705-партиядаги “С-8295” навли, биринчи авлод уруғлигидан 2993 килограмм туксиз уруғ сақланаётгани аниқланди.

Бироқ, сақланаётган уруғлик чигит миқдори саноқдан ўтказилганда, жами 1911 килограмм уруғлик чигит сақланаётганлиги ёки ҳужжатда кўрсатилган миқдордан 1082 килограмм кам миқдорда уруғлик чигит мавжудлиги аниқланган. Мазкур уруғлик чигитнинг 1 килограммининг нархи 11 минг 912,39 сўм бўлиб, омборда кам чиққан уруғлик чигитнинг умумий суммаси 12 млн.889 минг 205 сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, омбордаги сақланаётган уруғлик чигит Техникавий шартлар бўйича давлат стандарти талабларига жавоб бермаган, яъни уруғликнинг нави, авлоди тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган ҳолда тўдаланганлиги ва носоз ёғоч тагликлар устида, йиртилиб қадоғи бузилган қопларда сақланаётганлиги аниқланган.

 Ҳолбуки, мавжуд уруғлик чигитни сақлашга масъуллар бириктирилган бўлсада, уларнинг ўз ишига масъулиятсизлиги натижасида уруғликнинг камомадига йўл қўйилиб, борини ҳам тегишли тартиб-қоидалар асосида сақлашга беписандлик билан қаралган. Уруғлик чигитни сақлаш учун бевосита масъул бўлган омбор мудири топширилган вазифага масъулиятсизлик билан ёндашганлиги оқибатида ҳолат юзасидан ҳужжатлар тўпланиб, қонуний чора кўриш учун туман прокуратурасига тақдим этилди.

Юқоридаги саъй ҳаракатлар ва уруғликларни сақлашдаги масъулиятсизлик оқибатида фермер хўжаликларига сифатсиз уруғлик етказиб беришнинг олди олинди ҳамда бу борадаги назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.  

Б.Исматов,“Ўзагроинспекция” Тошлоқ туман бўлими катта инспектори.

Text to speech