Бугунги кунда мамлакатимизда ишнинг кўзини биладиган, тадбиркорлик билан шуғулланаман, ҳам ўз оиламга даромад олиб келаман, ҳам жамиятга, ёнимдаги инсонларга нафим тегади, деган кишилар учун ҳар томонлама кенг имкониятлар яратиб берилган.
Аммо берилган имкониятлардан фойдаланиб, фаолиятни тўғри ва қонуний ташкил этиш орқали ўз бизнесини янада ривожлантириш ўрнига, мавжуд тартиб-тамойилларга амал қилмайдиган ҳамда бунинг ортидан турли муаммоларга дуч келиб юрадиганлар ҳам йўқ эмас.
"Ўзагроинспекция"нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан белгиланган тартиблар асосида ўтказилаётган назорат тадбирлари жараёнида ҳам тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ана шундай ҳолатлар аниқланмоқда.
Жумладан, Инспекция ходимлари томонидан Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Косон ҚФЙ, пахтазор кўчасида фаолият олиб бораётган “Ш.Д.Н.” масъулияти чекланган жамияти ўрганилганда, корхона давлат рўйхатидан ўсимлик ва ҳайвонлар ёғлари ва мойларини ишлаб чиқариш мақсадида ўтгани, аммо ишлаб чиқариш фаолиятида бир қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Хусусан, текшириш жараёнида корхона жойлашган манзилда 1 дона пресс, 1 дона жин ускуналари мавжудлиги кузатилиб, ушбу ускуналарда пахта хом-ашёсини жинлаб, жиндан ажратилган иккиламчи маҳсулот, яъни техник чигитни пресслаш ускунасида қайта ишлаб пахта мойи ишлаб чиқараётганлиги маълум бўлди.
Ваҳоланки, тегишли тартибга асосан, ёғ-мой корхоналарида пахта техник чигити тўлиқ технологик цикл (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, пресслаш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш
ва қадоқлаш цехлари)да мақсадли қайта ишланиши ҳамда техник чигитдан қайта ишланган тайёр маҳсулотлар учун тегишли гигиеник хулоса
ва мувофиқлик сертификатларига эга бўлиши зарурлиги белгиланган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, “Ш.Д.Н.” МЧЖ масъуллари томонидан корхонада тўлиқ технологик циклни таъминламасдан, ишлаб чиқарилаётган ёғ-мой маҳсулотига белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатлари олмасдан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабаларига зид равишда фаолият олиб бораётганлиги аниқланди.
Шунингдек, ўрганиш кунида корхона омборида ўртача ҳисобда 1,5 тонна пахта техник чигити, 200 литр қайта ишлашдан олинган қора мой маҳсулоти ва 400 кг пахта толаси мавжудлиги аниқланиб, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Косон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими ходимлари томонидан ашёвий далил сифатида сақловга олинди.
Текширишда тўпланган ҳужжатларни таълуқлилиги ва ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Асрор НОРҚУЛОВ,
Ўзагроинспекциянинг Қашқадарё вилоят
бошқармаси Пахта хом ашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими
бош инспектори