Сув ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик Ўзбекистонда суғориладиган деҳқончиликнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган бош сабаблардан биридир. Муаммони ҳал этиш усулларидан бири томчилатиб суғориш тизимини қўллаш мақсадга мувофиқлиги фермерларимиз томонидан амалда исботланмоқда.
Сирдарё вилоятида жорий йилининг шу кунига қадар 8 минг 384 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилгани натижасида 20 миллион 960 минг метр куб сувни иқтисод қилишга эришилди. Ушбу майдон анъанавий усулда суғорилганида 41 миллион 920 минг метр куб сув сарфланар эди.
Президентимиз томонидан 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сон қарорида таъкидланганидек, тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ҳамда сув ресурсларига бўлган эҳтиёж ўсиб бораётгани қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишни талаб этмоқда. Бу борада Сирдарё вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2021 йил вилоят бўйича жами 18 087 гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологиясини жорий этилиш белгиланган. Шундан, 17 937 гектар томчилатиб суғориш, 50 гектар ёмғирлатиб суғориш ва 100 гектар дискрет суғориш технологияларига тўғри келади.
Сув тежовчи ускуналарни харид қилиш учун тегишли ташкилотлар билан 142 та шартномалар тузилган бўлиб, шундан 125 та фермер хўжаликлари ва 17 та кластер ташкилотларидир. Бунинг учун вилоят бўйича фермер ва тадбиркорларга тижорат банклари томонидан 254 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган. 302 та фермер ва тадбиркорлар томонидан 10 703 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун қурилиш-монтаж ишлари олиб борилди, - дейди «Ўзагроинспекция»нинг Сирдарё вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўъжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Баҳодир Мамиров.
Бугунги кунда 8 384 гектар ер майдонида томчилатиб суғориш технологиялари тўлиқ ишга туширилиб, амалда ишлатилиб келинмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан жойларда жорий қилинган сувни тежовчи технологиялардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан тизимли назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
«Ўзагроинспекция» Сирдарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати