Сув-ҳаёт манбаи демак! Унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Мавсумларда олинадиган хирмонлар тақдири деҳқон далаларига керакли миқдорида сув етиб боришига боғлиқ.
Сирдарё вилоятида жами суғориладиган майдонлар 270 минг гектарни ташкил этади. 2022 йил ҳосили учун вилоятда 80 000 гектарга ғалла экилган бўлиб, 75 500 гектарга пахта ва 32000 гектарга сабзавот, полиз маҳсулотлари ҳамда бошқа озуқабоп экинлар экилиши режалаштирилган.
Жорий йилда вегетация мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида ҳудудда 132 км каналлар (экскаватор ёрдамида), 178 дона сув тақсимловчи иншоотлар, 229 дона гидропостлар ва 1835 км ички ариқларда (қўл кучи ва механизмда) тозалаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, ирригация ва мелиорация объекти қуриш ва қишлоқ хўжалик экин майдонларини сув таъминотини яхшилаш мақсадида 17 та объектда 773 км ирригация объектлари, 10 та объектда 129,8 км мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, 17 та объектда 1042 км мелиорация объектларини таъмирлаш тиклаш ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида 23,8 минг гектар ер майдонининг мелиоратив ҳолати ва 24,5 минг гектар майдонлари кафолатли сув билан таъминланади.
-Ирригация ва мелиорация тизимлари, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари, сув омборлари, насос станциялари ва бошқа сув хўжалиги иншоотларининг самарали ишлатилишида йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида, корхона ва ташкилотларга жорий йилнинг биринчи чорагида жами 46 та таъсир чоралари қўлланилган, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими” бош инспектори Баходир Мамиров. - Жумладан, 37 та ёзма кўрсатма, 3 тақдимнома ва 6 та маъмурий қарорлар қабул қилинган.
“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан суғориладиган экин майдонларига ўз вақтида, керакли миқдорда сув етказиб берилиши юзасидан доимий мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати