Айни кунларда далалардаги ишларни якунига етказаётган деҳқону фермерлар келгуси йил тайёргарлигини бошлаб юборганлар. Жойларда баҳорги мавсумда иштирок этадиган техника воситаларини таъмирлаш ишлари муҳим босқичда.
Сирдарё вилоятида 2021 йил баҳорги дала ишларини ўз вақтида ва оптимал муддатларда ўтказилишини таъминлаш мақсадида мавсумда иштирок этадиган 994 та чопиқ тракторлари, 968 та культиваторлар, 499 та чигит экиш сеялкалар, 291 та ғалла ўриш комбайнлари, 361 та пуркагичлар, 232 та минерал ўғит сепгичлар, 171 та ер текислагичлар, 522 та чизеллар ва 7073 дона тишли бороналар марказлашган ҳолда туманларда жойлашган машина трактор паркларига йиғилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Техникаларни таъмирлашни ва уларни мавсум ишларига қабул қилиб олишда Инспекция ходимлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан жойларда туман ҳокимлиги мутасадди ходимлари, фермер хўжалиги раҳбар ва механизаторлари, Инспекциянинг туман бўлим бошлиғи ҳамда техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш инспекторлари иштирокида ўқув амалий семинарлар ўтказилиб келинмоқда.
Тадбирда техникаларни таъмирлаш жараёнида назорат ишларини олиб бориш, таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратиш ҳамда таъмирдан чиққан техникаларни қабул қилиб олиш юзасидан ҳужжатларни юритилиши юзасидан батафсил тушунтиришлар берилмоқда.
Шу билан бирга соҳада узоқ вақтдан буён фаолият олиб бораётган инспекторлар, фаҳрий муҳандислар ёш инспекторларга техникаларни мавсум ишларига қабул қилиш, таъмирлаш сифатини текшириш юзасидан ўз тавсияларини бериб, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Юқоридагилардан ҳулоса қилиш мумкинки, носоз техникаларни ўз вақтида устахоналарда жамлаш, таъмирлаш сифатини белгилайдиган омиллардан бири саналади. Сифатли таъмирланган техника эса келгуси йил ҳосилини мўл бўлишида муҳим сабаб, қолаверса, деҳқоннинг оғирини енгил қилишда темир қанот ҳисобланади.
Абдулатиф Қосимов, “Ўзагроинспекция” Сирдарё вилоят бошқармаси, Техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими катта инспектори.