Ру Ўз O`z En

Сирдарёда 12 минг 326 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар ўрнатилади

14 Январь 2021 2001

Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш асосида суғориладиган майдонлардан олинадиган ҳосил миқдорини ошириш ва сифатини яхшилаш орқали мамлакат аҳолиси турмуш даражасини юқори поғоналарга кўтариш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва барқарорлигини таъминлашнинг энг истиқболли йўналишларидан бири бу экинларини суғориш учун томчилатиб суғориш тизимларини йўлга қўйиш ва қўллаб қувватлашдир.

Маълумотларга кўра, Сирдарё вилоятида 2021 йилда 12 минг 426  гектар майдонда мазкур технологияларни жорий қилиш, жумладан, 11 минг 889 гектар пахта, 437 гектар мевали экинлар ва 100 гектар бошқа экинлар етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғориш кўзда тутилмоқда. 

Сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сувни тежовчи технологиялар жорий этиладиган майдонларни янада кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда 12 минг 326 гектар майдонда ана шундай технологияларни ўрнатиш юзасидан қурувчи ташкилотлар билан 71 та фермер хўжаликлари ўртасида шартномалар тузилган ҳамда қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтайди. 

Деҳқон ва фермерларимиз томчилатиб суғоришнинг афзал жиҳатларини аллақачон англаб етганлиги боис бу усул вилоятда тобора оммалашиб, нафақат интессив боғларда, балки пахтачилик, сабзавотчилик ва полизчилик тармоқларида, шунингдек, иссиқхоналарда ҳам кенг жорий этилмоқда. Пировард натижада, табиий ва моддий ресурслар тежалиши билан бирга, ҳосилдорлик муттасил ошиб бораётир. Бу мамлакатимизда озиқ-овақат ҳавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни узулуксиз ва арзон нархларда етказиб беришга имконият яратаётгани билан аҳамиятлидир.

“Ўзагрониспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech