2021 йилда ҳар йилгидан сезиларли даражада кузатилган сув танқислигидан керакли хулоса чиқарган ҳолда, бугунги кунда ички суғориш тармоқларида сувнинг йўқотилишини камайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Сув истеъмолчилари уюшмалари, фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан фойдали иш коэффициенти паст бўлган ички суғориш тармоқлари аниқланиб, ўз маблағлари ҳисобидан 2021-2022 йиллар кузги-қишки мавсумида 72 537 км суғориш тармоғини таъмирлаш-тиклаш режалаштирилди ва бугунги кунда белгиланган тадбирлар жадаллик билан бажарилмоқда.
Хусусан, сув истеъмолчилари уюшмалари, пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари томонидан жойларда ички ариқларни қўл кучида тозалаш бўйича ҳашарлар ташкил этилиб, далада самовар қайнатилиб, ош дамланиб, тадбирлар кўтаринки руҳда, жадаллик билан олиб борилмоқда.
Мисол учун, “Саховат текстиль” МЧЖ томонидан Шаҳрихон туманидаги “Ўрта Шаҳрихон” ҳудудида, “Бухоро АГРО кластер” МЧЖ томонидан Вобкент туманидаги “Кумушкент” ҳудудида, “Индорама” МЧЖ томонидан Сардоба туманидаги “Пахтаобод” ҳудудида, “Янгиариқ тех” МЧЖ томонидан Янгиариқ туманидаги “Қўриқтом” ва “Гулобод” ҳудудларида ёки Пахтакор туманидаги “Азим Бунёдбек”, Жарқўрғон туманидаги “Сурхон сабоси”, Бекобод туманидаги “Обод Хуршидабону” каби кўплаб фермер хўжаликларининг дала шийпонларида самовар қайнатилиб, таомлар тайёрланиб, механизмлар ва ҳашарчилар жалб қилинган ҳолда тадбирлар кўтаринки руҳда билан олиб борилди.
Ўз навбатида, жойларда Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан ички суғориш тармоқларини таъмирлаш-тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг кунлик ҳисоби юритилиб, белгиланган тадбирларнинг сифатли бажарилишида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Инспекциянинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси