Ру Ўз O`z En

СУҒОРИШ ТАРМОҚЛАРИНИ ТОЗАЛАШ ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

11 Январь 2023 1627

Навоий вилоятида айни кунларда кузги-қишки тадбирларни сифатли бажарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Жумладан, ички ариқ ва каналларни тозалаш ишлари Қизилтепа туманида ҳам уюшқоқлик билан олиб бориляпти. 

Маълумот учун, туман бўйича 2022-2023 йиллар кузги-қишки мавсумида сув хўжалиги махсус хизмати, фермер хўжаликлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги жами 1 931 километр хўжалик ички тармоқларини тозалаш режалаштирилган. Шундан сув хўжалиги махсус хизмати ҳисобидаги суғориш тармоғининг 130 километри механизм, 120 километри қўл кучи ёрдамида тозаланиши кўзда тутилган. 2023 йил январь ойининг 1-ҳафтаси ҳолатига кўра, туманда жами 1 479, 1 километр ёки режага нисбатан 76,6 фоиз ички суғориш тармоқлари механизм ва қўл кучи ёрдамида тозаланди. 

Ички ариқларнинг тозаланиши сув исрофгарчилиги олдини олиш, суғориш мавсумининг сифатли ўтишида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шуни инобатга олган ҳолда “Ўзагроинспекция” туман бўлимлари ходимлари томонидан ҳудуддаги суғориш тармоқларини тозалаш юзасидан назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида кузги-қишги тадбирларни кечиктирмай ўтказиш юзасидан тегишли шахсларга 82 та ёзма кўрсатма берилди.

Жумладан, Инспекция туман бўлими назорати остида “Бўстон” ҳудудидаги “Косагўрон орзуси” фермер хўжалигининг 2 километр, “Азим Али” фермер хўжалигининг 1 километр, “Арабон” ҳудудидаги “Султон Маҳмуд бўстони” фермер хўжалигининг 1,5, “Ғори девон” ҳудудидаги “Аҳмадобод 2020” фермер хўжалигининг 2 километрга яқин ички ариғи механизм ва қўл кучи ёрдамида тозаланиши таъминланди.

-   Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги суғориш тармоқларини тозалаш бўйича ҳам оғзаки кўрсатмалар бериб келинмоқда, - дейди “ЎзагроинспекцияҚизилтепа туман бўлими катта инспектори Ойбек Ражабов. – Туман бўйича МФЙ лар ҳудудидаги 632 километр ички суғориш тармоқлари тозаланиши режалаштирилган бўлса, бугунги кунгача 480 километри, яъни 75,9 фоиз ички ариқлар қўл кучи ёрдамида ҳашар қилинди. Айнан Инспекция туман бўлими оғзаки кўрсатмаси билан “Хўжақўрғон”, “Сарой”, “Хумо”, “Янги Ҳаёт”, “Зиёкор”, “Оқ Мачит”, “Тожикон”, “Шейхон”, “Гулбоғ”, “Бўстон” ва бошқа маҳаллалардаги ички суғориш тармоқлари тозаланишига эришилди.  

Бундан ташқари, туманда Тошработ-Ўртачўл ирригация тизими бошқармаси бўйича 2022-2023 кузги-қишки даврида хўжаликлараро ирригация тармоқларидаги гидротехник иншоотлар ҳамда гидропостларни таъмирлаш ишларига ҳам эътибор қаратилган. Жумладан, “Абомуслим”, “Янгиариқ”, “Зарметан”, “Ўртачўл”, “Маликобод” каналларидаги жами 28 дона гидропостлар тўлиқ таъмирланди.

Туманда кузги-қишки тадбирлар юзасидан суғориш тармоқларини тозалаш ва бошқа таъмирлаш ишлари қизғин давом этмоқда.

З. Бобоева, “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Text to speech