Ру Ўз O`z En

СУВ ИСРОФГАРЧИЛИГИГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН 10 ТА ҲОЛАТДА ЖАРИМА ҚЎЛЛАНИЛДИ

25 Декабрь 2020 2411

Қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланиладиган сувни тежамкорлик билан ишлатиш аграр тизимнинг муҳим тадбирларидан бири ҳисобланади. Бу борада эътиборсизликка йўл қўйганлар учун тегишли меъёрий ҳужжатларга кўра чоралар қўлланилиши белгиланган. Шунга кўра, “Ўзагроинспекция”нинг Навоий вилояти бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йилда ўтказилган 451 та назорат тадбирларида 219 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, бартараф этилиши таъминланди. Хусусан, аксарият ҳолатларда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этмаслик, сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, белгиланган сув олиш лимитларини бузиш, сув миқдорининг дастлабки ҳисобини юритишда бепарволик каби қонунбузилишлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.

Юқоридаги аниқланган камчиликлар юзасидан Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ваколат доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 206 та маъмурий қарорлар қабул қилиниб, 22 миллион 969 минг сўм жарима ундирилиши белгиланди. Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги Низомнинг 60-бандига асосан 10 та ҳолатга нисбатан 3 миллион 799 минг сўм жарима санкция қўлланилди.

Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 10 та ёзма кўрсатма ва тақдимнома киритилди.

- Жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 628 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.- дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси бош инспектори Меҳриддин Воҳидов. – Назорат тадбирлари билан бирга ҳудудларда бўлиб қонунбузилишлар олдини олиш мақсадида меъёрий-ҳужжатлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қиляпмиз. Экин ерларини суғоришда бепарволик қилиб, бошоқли дон майдонларини кўллатиб юборган, ўзига юклатилган вазифаларга юзаки ёндашиб, насос станцияларида сув ўлчаш ишларини амалга оширмай келган ҳамда сув ва сув объектларига таъсир кўрсатувчи гидротехника ишларини ўзбошимчалик билан бажарганлар ноябрь ойидаги назорат тадбирларимизда аниқланиб, уларга нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилди.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сувдан оқилона фойдаланиш борасидаги назорат тадбирлари жойларда уюшқоқлик билан давом этмоқда. Муҳими, бу қонунларга риоя этилишини таъминлаш ва эртанги фаровон ҳаётни мақсад қилгани билан аҳамиятлидир.

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

 

Text to speech