Президентнинг «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли томорқаларини сув ресурслари билан ишончли таъминлаш;
ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларининг ҳамда улардаги гидротехника иншоотларини доимий техник соз ҳолатда ушлаб туриш;
йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни ўз ҳудудида сувни бошқариш ва тақсимлаш ишларига жалб қилиш;
иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлашга оид давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш бўйича ДХШ тамойилларини кенг жорий этиш;
сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини инсон омилига минимал равишда боғлиқ бўлган автоматлаштирилган тизимлар орқали юритиш.
Ҳужжат билан қуйидаги тартиблар белгиланди:
қишлоқ хўжалиги ерлари ўз ҳисобида мавжуд бўлган кластерларга ўзларига тегишли майдонлардаги барча сув хўжалиги объектларини ДХШ тамойиллари асосида бошқарувга бериш;
мева-сабзавотчилик ҳамда шоличиликка ихтисослашган туманлар сув хўжалиги объектлари бошқарувига ДХШ тамойиллари асосида хусусий секторни жалб қилиш;
қишлоқ хўжалиги суғориладиган ерларида фаолият кўрсатаётган сув истеъмолчилари ва туман ирригация бўлимлари ўртасида сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузиш.
Шунингдек Қарорда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларига амал қилиниши, сув хўжалиги объектларини ўз балансига олган субъектлар томонидан сув олиш лимити асосида сув етказиб берилиши ҳамда сув истеъмолчилари томонидан сувдан оқилона фойдаланилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифаси белгиланган.
"Ўзагроинспекция" Ахборт хизмати