Ру Ўз O`z En

Сув истеъмоли бўйича қонунчилик назоратда

6 Декабрь 2022 1484

Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунда сув истеъмолчиларининг мажбуриятлари белгиланган бўлиб, унга кўра, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари белгиланган сув олиш лимитлари ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этиши шарт ҳисобланади.

 

Лекин жойларда сув истеъмолчиларининг барчаси ҳам қонун билан юклатилган мазкур мажбуриятга доим ҳам амал қилавермайди.

Хусусан, Агроинспекциянинг Навоий вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида 1 164 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, назорат тадбирлари давомида 1 189 та қонунбузилиши ҳолатига йўл қўйилгани аниқланган.

Жумладан, Навбаҳор туманида 423 та, Қизилтепада 324 та, Карманада 169 та, Конимехда 148 та, Хатирчида 125 та қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.

Қонунбузилишларнинг аксарият қисми (61 фоизи) сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш натижасида содир этилмоқда.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида экин майдонларини кўллатиб суғориш ва сувни коллектор-дренаж тармоқларига оқизиб қўйиш ҳолатлари кўп учрамоқда- дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори М. Воҳидов. – Қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотларга тақдимнома ва ёзма кўрсатмалар киритилди.

Шунингдек, қонун бузилишини эрта олдини олиш мақсадида профилактика тадбирларини ўтказишга эътибор кучайтирилди. Натижада 144 та ҳолатда сувни коллектор-дренаж тармоқларига оқизиш ва яна 224 ҳолатда сув истеъмоли билан боғлиқ бошқа қонунбузилишларнинг олди олинди. Дарҳақиқат, юқорида таъкидланганидек, ҳудудлардаги айрим сув истеъмолчилари белгиланган тартибга доим ҳам амал қилмайди.

2022 йилнинг ўтган даври мобайнида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши устидан ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган камчилликлар юзасидан Инспекциянинг туман бўлими томонидан ваколат доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 25 та маъмурий жарима, 8 та жарима санкция қўлланилди, - дейди “Ўзагроинспекциянинг Қизилтепа туман бўлими катта инспектори Ойбек Ражабов.- 15 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун судларга киритилиши таъминланди.

Масалан, Қизилтепа тумани Ванғози ҳудудидаги “Хафқоритон мададкори” фермер хўжалиги экин майдонларини суғоришда 0,10-0,12 гектар қисмини кўллатиб суғориб, сув исрофгарчилигига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан фермер хўжалиги раҳбарларига белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 74-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб,  туман судига юборилди.

Шунингдек, Тошработ-Ўртачўл ИТБнинг Махсус хизмат бўлими ходими А. А Давлат сув кадастри юритишнинг белгиланган талабларини бузиб, сувларнинг белгиланган ҳисоби ва ҳисоботини юритишда қонунбузилиши ҳолатига йўл қўйганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан фермер хўжалиги раҳбарларига белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 75-моддаси билан маъмурий баённома тузилиб,  туман судига юборилиши таъминланди.

Инспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан мазкур йўналишдаги назорат ва профилактик тадбирлар давом этмоқда.  

З. Бобоева, “Ўзагроинспекция” Навоий  вилоят бошқармаси  матбуот хизмати

 

Text to speech