Сир эмаски, кейинги йилларда дунё миқёсида бўлгани каби мамлакатимизда ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида сув билан боғлиқ мураккаб вазиятлар юзага келмоқда. Шу қаторда агросектор тизимида сувга бўлган талаб ва эҳтиёж ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу эса оби-ҳаётдан тежаб-тергаб оқилона фойдаланишни тақозо этади. Мазкур жараёнда сувнинг сарфи энг муҳим омиллардан бири бўлиб, унинг сарфи ва оқим тезлигини ўлчашда фойдаланиладиган ўлчов воситалари доимо соз ҳолатда ишлатилиши ва албатта метрологик текширувдан ўтказиб турилиши лозим.
Бу борада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими ходимлари томонидан жойлардаги сув хўжалиги ташкилотларида ўлчаш воситалари белгиланган меъёрий ҳужжатлар асосида фойдаланилиши бўйича ўрганишлар олиб борилди.
Жумладан, Жиззах вилоят Бош насос станциялари ҳамда Жанубий Мирзачўл магистрал каналидан фойдаланиш бошқармалари ва Сув омборларидан фойдаланиш бошқармасига қарашли Жиззах ва Қоровултепа сув омборлари, Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза ҳузуридаги Туятортар ирригация тизими бошқармасидаги сув оқими тезлигини ўлчаш воситалари (гидрометрик вертушка) кўздан кечирилганда, ҳар ўн икки ойда текширувдан ўтказилиши белгиланган ўлчаш воситалари ва синаш ускуналари ўз муддатларида метрологик текширувдан ўтказилмагани маълум бўлди. Масъул шахсларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги сабаб юқоридаги ташкилотларда “Метрология тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасида кўрсатиб ўтилган талаблар бузилган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан инспекция ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 5 нафар масъул шахсларга маъмурий жарималар қўлланилди.
-Жорий йилнинг июнь ойига қадар вилоятимиздаги мавжуд қишлоқ ва сув хўжалигига оид ташкилотларда жами 54 та назорат тадбирлари ўтказилди,- дейди Инспекциянинг вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими катта инспектори Дилмурод Зиятов.- Шундан 30 таси текшириш ва 24 таси мониторинг тарзида олиб борилган. Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 38 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, тегишлилиги бўйича 16 та огоҳлантириш ва 18 та ёзма кўрсатмалар берилган. Шунингдек, 14 та ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 млн 895,5 минг сўмлик жарималар қўлланилиб, бу бўйича мутасадди ташкилотларга 6 та тақдимнома киритилган.
Бир сўз билан айтганда, барча соҳалар қатори аграр тизимда ҳам ўлчаш воситаларининг созлиги муҳим ҳисобланади. Чунки, ҳар қандай носозлик ўз ортидан кўпгина хатолик ва салбий ҳолатларни эргаштириб келади.
“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати