Маълумки, сувга доир муносабатлар “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда унга мувофиқ чиқарилган сув тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган бўлиб, жойларда қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун амалга оширилаётган сувга доир муносабатларда мазкур тартиб талабларига риоя этилаётганлиги “Ўзагроинспекция”нинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан ўрганилиб келинмоқда.
2020 йилнинг октябрь ойида “Ўзагроинспекция” ва унинг қуйи тузилмалари томонидан жойларда белгиланган тартибда ўтказилган ўрганишларда жами 5385 та ҳолатда камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди:
Хусусан, Сув хўжалиги тизим ташкилотлари ҳисобида бўлган ирригация тизимларида 691 та сув олиш жойларидаги сувни бошқариш воситалари, 451 та сув олиш жойларидаги сув ўлчаш воситалари носозлиги, 265 та сув олиш жойларида сувнинг ҳисоб-китоби журналлари юритилмаганлиги ҳамда 365 та сув олиш жойларида журналлар хатоликлар билан юритилганлиги, 14 та ҳолатда сувдан фойдаланиш бўйича шартномалар тузилмаганлиги аниқланди.
Мисол учун, 2020-2021 йил кузги-қишки мавсуми учун “Тўполанг-Қоратоғ” ҳамда “Сурхон-Шеробод” ирригация тизими бошқармалари билан Бандихон туман ирригация бўлими ҳамда Тошкент вилояти насос станция ва энергетика бошқармаси билан Бўка туман ирригация бўлимлари ўртасида сувдан фойдаланиш бўйича шартномалар тузилмаган ва лимит ажратилмаган.
Шу каби, Пискент, Бўка, Ўртачирчиқ, Янгийўл, Бандихон, Шуманай, Асака, Жарқўрғон, Шеробод, Термиз, Урганч, Боғот ва Қўшкўпир туманлар ирригация бўлимлари билан сув истеъмолчилари уюшмалари ўртасида шартнома расмийлаштирилмаган. Мавсум учун сув лимити ажратилмаган.
Бундан ташқари, Сув истеъмолчилари уюшмалари, фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан ишлатилаётган суғориш тармоқларидаги 1176 та сув олиш жойлари сувни бошқариш, 910 та сув олиш жойлари сув ўлчаш воситалари билан жиҳозланмаган. 666 та сув олиш жойларида сувнинг ҳисоб-китоби юритилмаганлиги, 849 та ҳолатда сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари ўртасида сув истеъмоли бўйича шартномлар тузилмаганлиги аниқланди.
Ўрганишларда аниқланган камчиликлар юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг қуйи тузилмалари томонидан ваколати доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 757 та (271,6 млн.сўм) маъмурий, 983 та (895,1 млн.сўм) жарима санкциялар қўлланилди. 536 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун маъмурий судларга киритилиши таъминланди.
Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 636 та ёзма кўрсатма ва тақдимнома киритилди.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 3099 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.
Бугунги кунда назорат тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилиб келинмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими