Ру Ўз O`z En

Сув тежовчи технологияларни муддатида жорий этиш ишлари Инспекция назоратида

18 Июнь 2021 2043

Тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ҳамда сув ресурсларига бўлган эҳтиёжнинг кундан-кун ўсиб бораётгани қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишни талаб этмоқда.

Шу боис сувнинг ҳар бир томчисидан самарали фойдаланиш, сув исрофгарчилигига йўл қўймасликни давр талаб этмоқда. Бу борада, Когон туманида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Ўзагроинспекциянинг Бухоро вилояти Когон туман бўлим томонидан сув тежовчи технологияларни жорий этиш, шартнома шартларини муддатларида бажарилиши ҳамда сифатли материаллардан фойдаланган ҳолда ускуналарни ўрнатиш каби ишлар назоратга олинган.

2021 йил туманда 1793 гектар майдонда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилиши режалаштирилган. Сув тежовчи ускуналарни харид қилиш ва ўрнатиш мақсадида ёрдамчи ташкилотлар билан 30 та шартномалар тузилган. Бугунги кунда 1047 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун қурилиш ишлари бошланган.

Шу билан бир қаторда, жорий йилда пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиялардан кенг фойдаланиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Унга мувофиқ, 1653 гектар пахта майдонларида сув тежовчи технологиялари ўрнатилади.

Ҳозирда, туманнинг “Шариф Карим маданияти” фермер хўжалигининг  35 гектарида, “Шоди Тоирович Саломов” фермер хўжалигининг 24 гектарида, “Когон Ахтам Асилбек” фермер хўжалигида 20 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш ускуналари тўлиқ ўрнатилиб, суғориш ишлари бошлаб юборилди.  

 -Пахтани суғоришда кўплаб қийинчиликларга дуч келар эдик, сув тежовчи технологияларни ўрнатганимиздан кейин сув исрофгарчилиги олдини олиб, ҳар бир қаторга сувнинг тўлиқ етиб бориши ва ортиқча сарф-харажатларнинг камайгани билан бизга анча қулайликлар яратмоқда - дейди фермер хўжалиги раҳбари А.Зойитов. - Ҳосилдорликни эса 50-60 центнерга кўтаришни мўлжаллаяпмиз. Келаси йилда сув тежовчи технологияларни қолган майдонларимизда ҳам ўрнатмоқчимиз.

Сув тежовчи технологиялар ускуналарини харид қилиш учун фермер ва тадбиркорларга яратилган имтиёзлар алоҳида аҳамиятга эга.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 95-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан томчилатиб суғориш тизимлари жорий этилган майдонларга субсидиялар ажратилиши белгиланган, унга кўра, пахта ва узум плантацияларига – 8 миллион сўмдан 11 миллион сўмгача, мевали экинларга – 6 миллион, озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликларга     – 2,5 миллион, сабзавот экинлари ва картошкага - 1,5 миллион, полиз экинларига   – 1,3 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратиш белгиланган. Жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш технологияларидан суғориш мавсумида фойдаланмаслик ҳолатлари аниқланса, ажратилган субсидия давлат бюджетига қайтарилиши ҳам белгилаб қўйилган.  

-Ғўза майдонларини томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш натижасида, сувни икки баробар тежаш ва ҳар гектардан ўртача 40 - 45 центнергача, вилоят бўйича эса, ўртача ҳосилдорликдан 1,5 – 1,7 марта юқори кўрсаткичга эришиш имкони яратилади. - дейди “Ўзагроинспекциянинг Бухоро вилояти Когон туман бўлими катта инспектори Қ.Тохиров.

Бу борада Инспекциянинг Бухоро вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан сувни тежаш технологияларни жорий этиш ишларини белгиланган муддатларда кечиктирмасдан, шартнома шартларини тўлиқ бажарилиши ва қурилишда сифатли материаллардан фойдаланиш бўйича мутасадди ташкилотлар ҳамда фермер хўжаликлари билан учрашувлар ўтказилиб, зарурий кўрсатмалар берилмоқда.

Қодир Тохиров, “Ўзагроинспекциянинг Бухоро вилояти, Когон туман бўлими катта иснпектори 

Text to speech