Ру Ўз O`z En

Сув тежайдиган суғориш технологиясидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши Инспекция назоратида

15 Март 2022 2534

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-144-сонли қарори билан 2022 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тартиблар белгиланди.

Хусусан, мазкур қарорга асосан жорий йилда 478 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш, шу жумладан, 230 минг гектар томчилатиб, 28 минг гектар ёмғирлатиб, 2 минг гектар дискрет усулда суғориш ҳамда 218 минг гектар майдонни лазерли текислаш белгиланган.

Бунда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидиялар миқдори сув тежовчи тизимнинг сифатидан келиб чиқиб белгиланади ҳамда ҳисоб-китоб қилинган сумманинг 50 фоизи тизим жорий қилинган йили ажратилади. Қолган 50 фоизи эса келгуси йили ҳосилдорлик ошиши ва ускуналарнинг ишлатилишига қараб ажратилади. Бундан ташқари қўшимча 20 фоизи учинчи йилда жорий қилинган тизимни ишлатган ҳолда юқори ҳосилдорликни сақлаб қолган пахта, ғалла ва мева-сабзавот кластерларига тўлаб берилади.

Қарор доирасида ажратиладиган барча субсидия маблағлари жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш тизимлари камида беш йил ишлатилиши шарти билан берилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмаслиги, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнг рухсат этилади.

Шунингдек, 2021 йилда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилганлиги учун Давлат бюджетидан субсидия маблағларини олган, бироқ жорий этилган сувни тежайдиган суғориш тизимларини суғориш мавсумида ишлатишга улгурмаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар мазкур тизимни 2022 йил суғориш мавсумига қадар ишга туширмаган тақдирда олинган субсидия маблағларини белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтарилиши белгилаб қўйилди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция” ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман бўлимлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2021 йилда давлат бюджетидан субсидия маблағларини олиб, сувни тежовчи технологияларни жорий қилган 3897 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг рўйхатини шакллантиришди ҳамда уларга 2022 йил суғориш мавсумига қадар сувни тежайдиган суғориш тизимлари ишга туширилмаса, олинган субсидия маблағлари давлат бюджетига қайтарилиши тўғрисида жойларда профилактика тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Бугунги кунда, Давлат бюджетидан субсидия олиб жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш технологиясидан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан қатъий назорат ўрнатилган бўлиб, қарор талаблари бажарилмаган тақдирда олинган субсидия маблағларини белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтариш юзасидан барча зарурий чоралар қўрилиши таъминланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси

Text to speech