Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувнинг ҳар бир томчисини тежеб-тергаб ишлатиш зарур эканини бугун ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Бироқ бу ҳақиқатни ҳамма ҳам тушуниб етмайди ёки амал қилгиси келмайди.
Биргина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Пахтакор туман бўлими томонидан 2022 йилнинг 3 ойи давомида аниқланган 164 та қонунбузилиши ҳолатларининг ўзи ҳам ушбу долзарб масалага янада ойдинлик киритиши мумкин. Мана шу вақт давомида 133 та назорат тадбирлари олиб борилиб, шундан 27 таси текшириш ва 106 таси мониторинг тарзида ўтказилган.
-Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 20 нафар жисмоний шахсга маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, уларга нисбатан 5 млн 400 минг сўмлик жарима жазо чоралари қўлланилган, -дейди Инспекциянинг туман бўлими катта инспектори О.Тожалиев. - Шунингдек, 3 та ҳолат бўйича тўпланган материал суд идораларига тақдим қилинган. Мисол тариқасида, Пахтакор туманидаги “Нўъмон Ота” фермер хўжалигига тегишли ғаллани суғоришда майдоннинг 0,15 гектар қисми кўллатиб юборилган. Бундан ташқари, сувдан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар “Пахтакор Алпомиши” ва “Солинлик Муродбой ери” фермер хўжаликларида ҳам содир этилган. Ҳар иккисида шўр ювиш ишлари олиб бориш давомида эҳтиёждан ортиқча сув олиниб, керагидан ортиқчаси шунчаки зовурга ташлаб қўйилиши оқибатида катта миқдордаги сув исроф бўлган.
Инспекциянинг туман бўлими томонидан қонунбузилишларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқармаслик юзасидан 136 та ёзма кўрсатма ҳамда тумандаги 247 та фермер хўжаликлари раҳбарларига сув ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган.
Бундан ташқари, қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тегишли идора ва ташкилотларга 4 та тақдимнома киритилган.
Инспекциянинг ўтказган назорат тадбирлари натижасида эса туманда 5 млн.м3 сув ресурсларини исроф бўлиши олди олинди.
“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати