"Ўзагроинспекция"нинг Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, сув ва сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланиш, сув исрофгарчилигини олдини олиш мақсадида мониторинг тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида сув истеъмолчилар томонидан, сувни исроф қилиш, оқилона фойдаланмаслик ҳолатлари аниқланиб, белгиланган тартибда маъмурий ва иқтисодий судларга даво аризалари киритилиб, етказилган зарар белгиланган тартибда инспекция фойдасига ундирилиб, сув истеъмоли юзасидан белгиланган қонун-қоидаларни қасддан бузган фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига огоҳлантириш хатлари бериляпти.
Жумладан, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда вилоятда мониторинг тадбирларини ўтказгандик, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими” бош инспектори Баходир Мамиров. – Ўтказилган тадбирларда, Гулистон туманидаги “О. Н. Д.О.” фермер хўжалиги сув ва сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланмай, ҳеч қандай шартномасиз, туман ҳудудидаги 53,1 гектар ер майдонига шоли экиб, ўша жойдаги зовурдан сув насоси орқали сув тортаётгани аниқланган.
Хўжалик юритувчи субъект раҳбарига нисбатан, Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 74-моддаси иккинчи қисмига асосан, маъмурий иш қўзғатилиб, 141,4 минг кубометр сувдан хўжасизларча фойдаланганлиги ва исроф бўлишига йўл қўйганлиги учун фермер хўжалигига нисбатан 10 392 900 сўм миқдорида молиявий жарима санкцияси қўлланилган.
Фермер хўжалиги томонидан молиявий жарима санкция ихтиёрий тўлаб берилмаганлиги сабабли инспекциянинг Сирдарё вилоят бошқармаси Гулистон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилинди, - дейди Жамол Бекмуродов “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси “Маъмурий амалиёт бўлими” катта инспектори. – Натижада, судининг 2022 йил 17 февралдаги ҳал қилув қарорига асосан, ундан инспекция фойдасига 10 392 900 сўм миқдорида молиявий жаримани ундириш белгиланди
Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунларига кўра, сув Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки — умуммиллий бойлиги ҳисобланади, сувдан оқилона фойдаланиш лозим бўлиб, у давлат томонидан ҳимояланади. Ундан хўжасизларча фойдаланганлик ва исроф бўлишига йўл қўйганлик учун эса жавобгарлик муқаррардир.
“Ўзагроинспекция”ниинг Сирдарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати.