Ру Ўз O`z En

СУВДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНМАСЛИК МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА АСОС БЎЛДИ

13 Октябрь 2020 2601

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил  22 майдаги 310-сонли “Қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сувни етказиб бериш бўйича харажатларни қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан сунъий сув объектларидаги сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда сувнинг ҳисоб-китоби юритилиши юзасидан жойларда мақсадли ўрганишлар ўтказилиб келинмоқда.

Маълумки, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш сув танқислигининг олдини олиш, барча ҳудудларга об-ҳаётнинг бирдек етиб боришини таъминлаш ҳамда сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда сувнинг
ҳисоб-китоби юритилиши муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Хусусан, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда, 206 та ҳолатда камчиликлар аниқланди.

Жумладан, вилоятдаги сув хўжалиги тизим ташкилотлари ҳисобида бўлган ирригация тармоқларидаги сув олиш жойларида 83 та ҳолатда сувни бошқариш, 2 та ҳолатда сув ўлчаш воситаларининг носозлиги, 4 та ҳолатда журнал юритилмаганлиги ҳамда 9 та сув олиш жойларида улар хатоликлар билан юритилганлиги аниқланди.

Шунингдек, сув истеъмолчилари уюшмалари, фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан ишлатилаётган суғориш тармоқларидаги сув олиш жойларида 179 та ҳолатда сувни бошқариш ва 66 та ҳолатда сувни ўлчаш воситалари билан жиҳозланмаганлиги аниқланган.

Мисол учун, Яккабоғ туман ирригация бўлими ҳисобидаги Ўнг қирғоқ канали бошлиғи ва ходимлари томонидан, Нуғайли сув омбори бошлиғи, ҳамда Қамаши тумани ирригация бўлими ҳисобидаги Л-1 канали бошлиғи томонидан сувларнинг ҳисоб-китоб журналларини юритиш қоидаларини бузганлиги аниқланиб, уларга белгиланган тартибда чора кўрилди.

Шунингдек, Муборак тумани Қарлиқ ҳудуди “Илёс Раҳмиддин” фермер хўжалиги, Гулистон ҳудуди “Найм тилаков” фермер хўжаликлари сувни бошқариш воситалари билан жиҳозланмаганлиги, Ғузор туман ирригация бўлими ҳисобидаги Ўнг қирғоқ канали бошлиғи ва ходимлари томонидан ҳамда Батош ҳудудидаги ҳудудий маъсул мироби томонидан сувларнинг ҳисоб-китоби журналларини юритиш қоидаларини тартиб билан юритилмаганлиги ҳамда сув истеъмолчилари томонидан сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланганлиги аниқланган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Аниқланган камчиликлар юзасидан 17 та ҳолатда 7 млн. 858 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар, 53 та ҳолатда 12 млн. 630 минг сўмлик молиявий жарима санкциялари қўлланилди.

Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида  47 та ёзма кўрсатма ва тақдимнома киритилди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 85 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.

Бугунги кунда назорат тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилиб келинмоқда.

 

Ойбек ТЎРАҚУЛОВ, “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси катта инспектори

Text to speech