Сув - тириклик манбаи. Унумдорлик ва мўл ҳосил гарови, дастурхон тўкинлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги кафолати ҳисобланади. Шундай экан, сувни асраб-авайлаш, унинг ҳар томчисидан унумли фойдаланиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик ниҳоятда зарурдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қашқадарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жойларда Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган.
Мазкур қарор ва тегишли фармонлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан доимий мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Айрим ҳудудларда баъзи мутасаддилар ва фермерларнинг масъулиятни сезмаётгани оқибатида сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, уни зовурларга ташлаб қўйиш, кўллатиб суғориш каби нохуш ҳолатларга дуч келинмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қашқадарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида январь-февраль ойларида ўтказилган назорат тадбирларида 1640 та ҳолатда шу каби исрофгарчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланди.
Шундан 1330 та ҳолатда экин майдонларини кўллатиб суғориш, 162 та ҳолатда сувни коллектор-дренаж тармоқларига оқизиш, 36 та ҳолатда шартномасиз сувдан фойдаланиш, 69 та ҳолатда ғалла суғоришга ажратилган сувлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш, 43 та ҳолатда далада сувни қаровсиз қолдириш ҳолатлари аниқланди.
Мисол учун, Нишон туманидаги “Янгибой Абдураим”, “Абдуллаев Аслиддин” , Косон туманидаги “Бахт кузгуси”, “Навқат чорва омад”, “Муҳиддин Давронович”, “Акбар Камолович, Миришкор туманидаги “Ўзбекистон” , “Қалъа этаги” , “Оқ мачит оқ олтини”, Ғузор туманидаги “Само самира” фермер хўжаликлари сувчиларининг эътиборсизлиги ва сув назоратсиз қолдирилгани натижасида ғалла майдонларининг бир қисми кўллатиб юборилгани қайд этилди. Бу нафақат сувнинг ортиқча сарфланишига, балки ўн беш фоизгача ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келади.
Миришкор туманидаги “ФАМ чорвачилик” фермер хўжалиги 15 гектар ғалла майдони суғоришга лимит ажратилмаган бўлсада кўллатиб хўжасизларча сув олинаётганлиги аниқланди. Шунингдек, Миришкор тумани “К.Фазли” ҳудуди ҳамда Муборак туман “Амур Темур” ҳудуди сув истеьмолчилари уюшмасининг этборсизлиги натижасида хўжалик ичидаги лоток тармоғидан сувни 5 соат давомида зовурга оқизиб қўйилганлиги аниқланди.
Қарши туманидаги “Қоратепа гўшт сут” МЧЖ ҳамда Чироқчи туманидаги “Ботир Поёнов” , Косон туманидаги “Дашт кўзгуси”, “Тонг шамоли зиёси”, Яккабоғ туманидаги “Абдираҳмон” фермер хўжаликлари эса сувни коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйгани кузатилди.
Ўрганишларда аниқланган камчиликлар юзасидан “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ваколати доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 88 та (29,6 млн.сўм) маъмурий қарорлар қабул қилинди, 8 та ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқишлик учун тўпланган ҳужжатлар судларга киритилиши таъминланди.
Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 23 та ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилди.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 1505 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.
Вилоятдаги баъзи фермер хўжаликлари ғалла майдонларига биринчи баҳорги сувни олишга қийналиб турган бир пайтда сувдан фойдаланишга бу тахлит бепарво муносабатда бўлиш ва уни исроф қилиш кечирилмас ҳолдир. Шу боис аниқланган ҳолатлар бўйича тегишлича таъсир чоралари кўриш белгилаб олинди.
Бугунги кунда назорат тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилиб келинмоқда.
Ойбек ТЎРАҚУЛОВ,
“Ўзагроинспекция” нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими катта инспектори