Ру Ўз O`z En

Тошкент вилояти: ғалладан бўшаган 100 минг гектар майдонга такрорий экин экилмоқда

14 Июль 2023 1796

Республикада суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, эртаки экинлардан ва ғалладан бўшаган майдонларда сердаромад ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, талаб этиладиган моддий ресурсларни етказиб бериш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини ошириш тадбирларини тизимли ташкил қилиш ҳар бир масъул учун муҳим масала ҳисобланади.

Жорий йилда Тошкент вилоятида эртаки экинлардан ва ғалладан бўшаган 100 минг гектар майдонларга такрорий экинлар экилиши режалаштирилган.

Бу йил миришкор деҳқонлар томонидан мавжуд 103 минг 729 гектар ер майдонида етиштирилган ғаллани нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. “Ўзагроинспекциянинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлими ходимлари томонидан эртаки экинлардан ва ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин экиш ишларини ўз муддатларида якунлаш бўйича тегишли кўрсатмалар бериб келинмоқда.

Аҳолини арзон, сифатли, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида эртаки экинлардан ва ғалладан бўшаган майдонлар пешма-пеш шудгорланиб, такрорий экин экиляпти. Вилоятнинг 15 та туманидаги фермер хўжаликларининг эртаки экинлардан ва ғалладан бўшаган 100 минг гектар ер майдонларига такрорий экин экиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Шу кунга қадар вилоят бўйича жами 86 минг 40 гектар, шундан 9 минг 529 гектар ер майдонида сабзавот, 7 минг 347 гектарда картошка, 34 минг 833 гектар дуккакли экинлар, 895 гектар полиз, 227 гектар мойли экинлар, 8 минг 922 гектар шоли, ҳамда 24 минг 247 гектар ерда озуқа экинлари экилиши таъминланди.

 Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, такрорий экинларни ўз вақтида экилиши юзасидан “Ўзагроинспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси ва туман бўлими ходимлари томонидан жойларда профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.

Ш. Усибалиев, "Ўзагроинспекция" Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг етиштирилишини назорат қилиш шўъбаси бошлиғи     

Text to speech