Инспекциянинг Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология йўналишида жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 283 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, текширишлар даврида аниқланган камчиликлар юзасидан 52 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Жумладан, 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисидаги”, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш мақсадида жами 25 та текширишлар ва мониторинглар ўтказилган бўлиб, натижаси бўйича 4 та маъмурий қарор қабул қилинган, 14 та ҳолатда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар, ва 11 та хўжалик субъектига огоҳномалар киритилган, 4 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган.
Инспекция қошидаги "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш" давлат муассасаси (Марказ) томонидан уруғлик донни сертификатлаш ишлари амалга оширилиб, мазкур жараёнлар бевосита жойнинг ўзида Сертификатлаш ишлари бўлими ходими томонидан назорат қилиб борилмоқда ва кунлик маълумотлар шакллантирилмоқда.
Жорий йилнинг 19-октябрь ҳолатига Инспекция қошидаги Марказ томонидан жами 266 684 тонна уруғлик дондан намуна олиниб, шундан 99 фоизи ёки 259 380 тонна уруғлик дондан олинган намуналарни таҳлилдан ўтказиш ишлари якунланди. Таҳлил натижаларига кўра, 250 126 тонна уруғлик донни экинбоплик сифати кўрсаткичлари стандарт талабларига тўлиқ мувофиқ эканлиги маълум бўлди ва мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилди.
Ҳозирда 7 305 тонна уруғликлардан олинган намуналар Марказ лабораториясининг махсус ускуналарига жойлаштирилиб, уларнинг сифатини аниқлаш ишлари давом этмоқда.
Ш. Мамадалиева, "Ўзагроинспекция"нинг Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўйича бош мутахассиси