Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими томонидан соҳада қабул қилинган ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 253 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, уларда 274 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди, шундан 27 та текшириш ва 226 тасини мониторинглар ташкил этади.
Ўтказилган назорат тадбирлари давомида қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида корхона ва ташкилотларга 3 та тақдимнома, 10 дона ёзма кўрсатма берилиб, 261 та ҳолатда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. 11 дона маъмурий баённомалар қонуний қарор қабул қилиш учун судларга юборилди.
Бундан ташқари, 567 та ҳолатда жисмоний ва юридик шахсларга қонун бузилишининг олдини олиш мақсадида огоҳлантиришлар берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 325-сон қарори ижроси юзасидан жами 874 дона қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда агрегатлар давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланди.Ушбу техникаларга 596 дона давлат рақам белгилари берилди.
Шу билан бирга 2 511 дона янги намунадаги техник паспортлар берилиб, навбатдаги техник кўрик вақтида 1861 дона эски намунадаги техник паспортлар алмаштирилди.
623 дона қишлоқ хўжалиги агрегатларига ҳам янги намунадаги техник гувоҳномалар берилган бўлиб, шундан 217 донаси янгидан, 390 донасининг эса техник кўрик вақтида эски намунадаги техник гувоҳномалар алмаштирилиши таъминланди.
- Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида жами 390 дона шундан 256 та қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ва 134 дона қишлоқ хўжалик агрегатлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан чиқарилган бўлса, 51 дона яроқсиз ҳолга келган техникалар ҳисобдан чиқарилди, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Беҳзод БОЗОРОВ.- Бундан ташқари, ўтган олти ой давомида вилоятда мавжуд 13 075 дона қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда агрегатларнинг 4 351 донаси техник кўрикдан ўтказилди. Мазкур техникаларни техник кўрикдан ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, жами фуқароларнинг мурожаатларига асосан 1 281 дона тракторчи-машинист гувоҳномалари берилди. Шундан 321 таси имтиҳонлар асосида берилган бўлса, 901 тасида фуқароларнинг эски намунадаги тракторчи-машинист гувоҳномалари янги намуналарга алмаштирилди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда “Ўзагролизинг” АЖ Навоий филиали томонидан 239 дона турли русумдаги қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда қишлоқ хўжалик агрегатлари фермер хўжаликларига етказиб берилган. Инспекция вилоят бошқармаси томонидан ушбу техникаларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати