Жорий йилдан бошлаб синов тариқасида Республикамизнинг бир қатор ҳудудларида ғўзанинг хорижий нав ва дурагайларини етиштириш йўлга қуйилди
Президентнинг 2023-йил 15-декабрдаги “Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-391-сонли қарорида Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига – пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан хорижий ғўза навлари ва дурагайларини етиштиришда уларнинг апробациясини тўғри ва ўз муддатида ўтказиш, уруғликларни тайёрлаш, қайта ишлаш ҳамда сақлашнинг халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқлигини таъминлаш вазифаси юклатилган эди.
Мазкур қарор ижросининг бажарилиши бўйича, бугунги кунда “Ўзагроинспекция”нинг марказий аппарати ҳамда ҳудудий бошқармалари ва унинг туман бўлимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда хориждан келтирилган нав ва дурагайларни етиштирилиши устидан тизимли назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги пахта экиладиган майдонларнинг 10 фоизигача бўлган майдонларга ғўзанинг хорижий нав ва дурагайларини экиш бўйича вилоят ҳокимлари томонидан қарорлар қабул қилиниб, 101,4 минг гектар майдонга ғўзанинг хорижий нав ва дурагайларини экиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Бугунги кунгача белгиланган ҳудудларга хориждан ғўзанинг 2,4 минг тонна нав ва дурагайлари олиб келинган бўлиб, ушбу хорижий чигитни 4 808 та хўжалик субъектлари томонидан 95,8 минг гектар майдонларда экилиши таъминланди.
Ушбу майдонлар учун жами 2,2 минг тонна уруғлик чигит сарфланган бўлиб, таҳлилларимиз бўйича 1 гектар майдон учун ўртача 23,3 кгни ташкил этмоқда.
“Ўзагроинспексия”нинг марказий аппарати ҳамда ҳудудий бошқармалари ва унинг туман бўлимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда парвариш қилинаётган ғўзанинг хорижий нав ва дурагайларининг етиштирилиши устидан мавсум якунига қадар назорат ишлари олиб борилади.