Республикада 2024-йил ҳосили учун 1 млн. 169 минг 775 гектар майдонларда бошоқли дон экинлари парвариш қилинмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармалари ва туманлар бўлимлари томонидан ҳудудларда 2024-йил ҳосили учун ғалла парваришида агротехник тадбирларни ташкил қилиш билан бирга, уни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши устидан доимий назорат олиб борилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2024-йил ҳосили учун парвариш қилинаётган ғалла майдонларида касаллик, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши кураш ишларининг бориши Инспекция томонидан назоратга олинган.
Бугунги кунда Республика ҳудудларида мавжуд 5 минг 48 дона пуркагичлар билан занг касаллигига қарши 1 млн. 78 минг 257 гектар ёки 92 фоиз майдонларда фунгицидлар билан ишлов бериш ишлари ўтказилганлиги маълум бўлди.
Ушбу тадбир Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида тўлиқ 1,0-1,2 марта амалга оширилди.
Шунингдек, ғалла зараркунандаларига қарши 584 минг гектар ёки 50 фоиз ғалла майдонларида зараркунандаларга қарши инсектицидлар билан ишлов берилганлиги аниқланди.
Жумладан, Бухоро, Сурхондарё, Андижон вилоятларида 80-90 фоиз ғалла майдонларида ўтказилганлиги маълум бўлди.
Шу билан бирга, ғалла майдонларидаги бегона ўтларга қарши 91 фоиз майдонда гербицидлар билан ишлов берилганлиги аниқланди.
Мисол учун, Фарғона, Самарқанд, Наманган, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида ушбу тадбир бир марта тўлиқ ўтказилди.
Инспекциянинг соҳа ходимлари томонидан мавсум давомида ҳудудларда ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан 31 минг 150 та мониторинг тадбирлари ўтказиб, ушбу тадбирлар давомида 15 минг 178 та фермер хўжаликларининг 107 минг 914 гектар ғалла майдонларида камчиликлар аниқланди.
Ушбу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, туман ҳокимликлари, мутасадди ташкилот ва идораларга 470 та тақдимномалар киритилди, ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига 30 минг 680 та огоҳлантиришлар берилди.
“Ўзагроинспекция”нинг соҳа мутахассислари томонидан, мавсум давомида ҳудудларда парвариш қилинаётган ғалла майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши назорат қилиб борилади.