Ру Ўз O`z En

Жорий йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштирувчи субъектлар ўртасида ўтказилган танлов натижалари 

8 Июнь 2023 2221

"Ўзагроинспекция"га қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилиши соҳасида бир қатор ҳуқуқлар ва ваколатлар берилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғларини етиштириш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилишни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши устидан назорат олиб боради.

Ўтган 2022 йилда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштиришга ихтисослаштирилган ҳудудлар белгиланган бўлиб, ушбу ҳудудларда 2023 йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштириш ваколатига эга бўлиш учун 119 та туманлар ҳокимликлари томонидан  танлов ўтказилиши белгиланган.

Уруғлик пахта хом-ашёси етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида ўтказиладиган танловлар ҳукуматнинг тегишли қарор ва меъёрлари асосида ўтказилади.

Шу мақсадда, жойлардаги танлов ишчи гуруҳларига 3 793 нафар талабгордан аризалар тушган бўлиб, шундан 3 187 нафари ғолиб деб топилган, қолган 606 нафар субъектлар турли сабабларга кўра уруғлик пахта етиштиришга нолойиқ деб топилган.   

Мазкур танловларнинг шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида ўтказилиши ўрганилганда айрим вилоят ва туманларда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.

Жумладан, Ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомда танловларни ўтказиш муддатлари, баҳолаш тартиби ва тақдим этиладиган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар аниқ белгиланган бўлишига қарамасдан, 62 та туманларда танловларнинг белгиланган муддатларда ўтказилмаганлиги аниқланди.

Хусусан, Андижон ва Фарғона вилоятларида 11 та туманда, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 7 та туманда, Наманганда 9 та, Қашқадарёда 6 та, Жиззахда 5 та, Сирдарёда 4 та, Хоразмда 2 та туманлардаги танловлар белгиланган муддатларда ўтказилмаган.

Шунингдек, 350 та ҳолатда танлов ғолибларининг тўплаган ўртача баллари нотўғри ҳисобланган бўлиб, бу кўрсаткич Андижон вилоятида 150 та, Жиззахда 73 та, Қорақалпоғистон Республикасида 46 та, Тошкент вилоятида 29 та, Бухорода 17 та, Навоийда 11 та, Хоразмда 9 та, Самарқандда 8 та, Фарғонада 5 та, Сирдарё ва Наманган вилоятларида эса 1 тадан талабгорларда кузатилган.

Бундан ташқари, талабгорлар томонидан танлов комиссиясига тақдим этиладиган ҳужжатларнинг ҳолати ўрганилганда жами 239 та ҳолатда талаб этиладиган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганлиги аниқланди.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг Тошлоқ, Данғара, Бувайда ва Учкўприк туманларидаги жами 25 нафар субъектларнинг 240 гектар майдони ушбу туманларга уруғлик етиштириш учун ажратилган майдонга нисбатан ошиқча олингани кузатилди.

Бундан ташқари, уруғлик пахта етиштириш ваколатига эга бўлиш учун танловлар фақат ихтисослаштирилган ҳудудлардаги субъектлар ўртасида ўтказилиши лозим бўлсада, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ушбу талабга риоя қилинмасдан 29 нафар субъектларнинг 1 341 гектар майдони танлов ғолиби деб топилган.

Ўрганишлар натижасида, туманларда ташкил қилинган танлов комиссиялари томонидан ушбу тадбирнинг ўтказилиши давомида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида такрорланишининг олдини олиш мақсадида 48 та огоҳнома, 134 та бажарилиши мажбурий характерга эга бўлган ёзма кўрсатма, 20 та тақдимнома туман ишчи гуруҳларига киритилди ва 3 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 2 та ҳолатда аниқланган қонунбузилиши бўйича тўпланган материаллар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга киритилди.  

Бугунги кунда, уруғлик пахта етиштириш ваколатига эга бўлган 3 187 нафар фермер хўжаликлари, 51 та махсус элита уруғчилик хўжаликлари, 17 та илмий тадқиқот институтлари илмий тажриба станцияларининг қарийб 102 минг гектар майдонларида 22 та эртапишар, 5 та ўртапишар, 3 та ингичка толали, 24 та истиқболли ва 50 дан ортиқ янги ғўза навларининг юқори авлодли уруғликларини етиштиришда агротехник тадбирларнинг оптимал муддатларда ўтказилиши мониторинг қилиб борилмоқда.

 

Н.Исмаилов, М.Курбанбаев, И.Гулмуратов, “Ўзагроинспекция” Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси

Text to speech