Ру Ўз O`z En

Томчилатиб суғорилганда дала эмас, экин суғорилади

28 Январь 2022 4056

Халқимиз азалдан сувни эъзозлаб, унинг ҳар томчисини эъзозлайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда сув тақчиллигининг олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сонли қарори қабул қилинди.

Ўзагроинспекциянинг Оқдарё туман бўлими томонидан мазкур қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси тўлиқ таъминланмоқда.

2021 йилда 17 та фермер хўжаликлари томонидан 317  гектар майдонда сув тежамкор технологияларни жорий қилинди. Ҳудудларда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиб, самарадорликка эришаётган фермер хўжаликлари сони тобора ортиб бормоқда.

Жумладан, “Оқдарё Умид Болта” фермер хўжалиги ўтган йилда 32 гектар майдонда мазкур тизимни жорий этди. Самарадорлик фермер кутгандан ҳам яхши бўлди.

-Томчилатиб суғориш технологияси жорий этилганда сув тежалиб, даромад ошади. Бу технологиялар масофадан бошқарилади, ортиқча иш кучи керак бўлмайди. Ҳозир шу майдонларни бир кунда жуда оз миқдордаги сув билан суғориш имкони пайдо бўлди. Бир йилда қилган барча харажатларимиз қопланди,-дейди фермер Қобил Олимов.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сонли қарорининг 2 иловасига кўра, ҳар бир гектар учун пахта ва узум плантацияларига 8 миллион сўмдан 11 миллион сўмгача ( Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида пахта майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш технологияла учун 12 миллион сўм), мевали экинларга 6 миллион, озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликларга 2,5 миллион, сабзавот экинлари ва картошкага 1,5 миллион, полиз экинларига 1,3 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратиш белгиланган.

Жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш технологияларидан суғориш мавсумида фойдаланмаслик ҳолатлари аниқланса, ажратилган субсидия давлат бюджетига қайтарилиши ҳам белгилаб қўйилган.

Ғўза майдонларини томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш натижасида, сувни икки баробар тежаш ва ҳар гектардан ўртача 40 - 45 центнергача, бу эса туманда ўртача ҳосилдорликдан 1,5 – 1,7 марта юқори кўрсаткичга эришиш имкони яратилди.

Жорий йилда 88 та фермер хўжаликлари томонидан 2 минг 245 гектар майдонда сув тежамкор технологияларни жорий қилиш режалаштирилган.

Шу мақсадда, "Охалик Олтин боғи меваси" МЧЖ билан икки томонлама шартномалар тузилиб, амалий ишлар бошлаб юборилди.

Хулоса шуки, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда тежамкор технологиялар жорий этилса, ҳосилдорлик кўтарилиши билан бирга, сувни тежаш имконияти ҳам юзага келади.

М.Пўлатов, “Ўзагроинспекциянинг Оқдарё туман бўлими бошлиғи

 

Text to speech