Ру Ўз O`z En

Томчилатиб суғориш – сувни тежаб, даромадни оширади

10 Февраль 2021 2485

Дунё афкор оммаси сув танқислигининг олдини олиш юзасида бош қотираётган паллада, серқуёш диёримизда сув ресурсларининг салмоқли қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга сарфланаётгани эътиборга олинса, бу беминнат неъматдан тежаб-тергаб фойдаланиш долзарб масала саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежадиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сонли қарори ҳам, сув танқислигининг олдини олиш ҳамда маҳсулот етиштиришда сифат ва самарадорликни янада оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан амалий ишлар қилинмоқда.

Мазкур қарорга асосан, жорий йили Самарқанд вилоятда 19 минг 146 гектарда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилган. Шундан, 13 минг 269 гектар пахта, 2 минг 534 гектар боғ ва 3 минг 30 гектар токзорларда сув тежовчи инновацион технологиялар жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Жумладан, Каттақўрғон туманида 7 минг 983 гектар, Пайариқ туманида 2 минг 355 гектар Пастдарғомда 1 минг 433 гектар ер майдонида сув тежовчи технологиялар ўрнатилиши белгиланди. Хозирги вақтда 28 та лойиҳалар юзасидан қурилиш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, 4 минг гектардан ортиқ ер майдонига сув тежовчи ускуналар ўрнатилмоқда.

Шунингдек, Нарпай туманида жорий йилда 1 минг 350 гектар ерда сув тежамкор ускуналар ўрнатилиши режалаштирилган. Бугунги кунда туманнинг Ойбек ММТП ҳудудида “Оптима Агро Кластер” МЧЖ кластер корхонаси томонидан 415 гектар ер майдонига сув тежамкор ускуналар ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун белгиланган лойиҳалар ижроси юзасидан кунлик мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.

Ҳар бир лойиҳа юзасидан буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар, уларнинг ҳаракат режаси, сув тежовчи технологиялар учун келтириладиган асбоб-ускуна ва бошқа ташкилий - техник масалалар ҳал этиш юзасидан назорат ўрнатилди.

Сув тежовчи ускуналар жорий этиш ҳар гектар ер ҳисобига сувни 40-45 фоизга тежаш имконини бериши билан, ҳосилдорликни 15-20 центнерга ошириши билан аҳамиятлидир. Буни вилоятимиздаги кўплаб кластер корхоналари, фермер хўжаликлари амалда синаб кўришди.

Жумладан, Иштихон туманидаги “Maroqand Sifat Texstil” МЧЖ кластер корхонаси бир неча йилдан бери пахта етиштиришда сув тежовчи ускуналардан фойдаланиб келмоқда. Натижа ёмон эмас. Инновацион технологиялар амалиётга тадбиқ этилгандан сўнг бир вақтлар 15-20 центнердан пахта хом ашёси етиштирилган ҳудудлардан, биргина 2020 йили 40-45 центнер пахта хом ашёси йиғиштириб олинди. Ҳар гектар ердан одатий усулда суғоришга нисбатан 40-45 фоиз сувни тежашга эришилди. Сув тежамкор ускуналарнинг яна бир авзаллиги шундаки, ғўзага агротехника қоидаларига асосан ишлов бериш, культивация қилиш кескин камаяди. Минерал ва маҳаллий ўғитлар айнан ўсимлик илдизига юборилиши, ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилади.

Жорий йилда кластер корхонаси томонидан 430 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиши режалаштирилган. Бугунги кунда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида: 2020 йили Самарқанд вилояти бўйича жами 4 минг 788 гектар, шундан 2 минг 200 гектар пахта майдони, 1 минг 616 гектар боғ замонавий сув тежамкор технологиялар асосида томчилатиб ва тупроқ остидан суғориш технологиялари жорий этилди.

Соҳада амалиётга тадбиқ этиладиган яна бир инновация – кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари ер майдонларини лазер ёрдамида текислаш орқали сув сарфини 20-25 фоиз, ўғитни 15 фоиз тежашга, ҳосилдорликни камида 10 фоизга оширишдан иборат. Шу мақсадда жорий йилда вилоятимизда 9 минг 800 гектар майдонда лезарли ускуна ёрдамида текислаш режалаштирилган.

Муҳтасар айтганда, томчилатиб суғориш ҳар жиҳатдан фойдали ва самарали эканлиги амалда ўз исботини топмоқда. Шундай экан, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан замонавий инновацион технологиялар жорий этилса, сув ресурслари ва харажатларни тежаш баробарида кўпроқ даромад олишга замин ҳозирланган бўларди. Давлатимизнинг ўз тараққиёт йўли ҳам айнан шундан иборат.

Нурмамат Турсунов, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят

бошқармаси бошлиғи

Text to speech