Ру Ўз O`z En

ТОМДИ: ҚИШКИ МАВСУМ УЧУН ЧОРВА ОЗУҚАСИ ТЎЛИҚ ЖАМҒАРИЛМАГАН

22 Декабрь 2020 2369

"Ўзагроинспекция" Навоий вилоят бошқармаси, Томди туман бўлими томонидан ер ресурслари, айниқса, яйлов ерларига оид қонунчилик ижроси аҳволи юзасидан доимий назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, туманнинг умумий ер майдони 3 миллион 577 минг 611 гектарни ташкил қилиб, шундан яйлов ерлар 2 миллион 5 минг гектарни ва Томди давлат ўрмон хўжалигига қарашли 1 миллион 522 минг 439 гектарни ташкил этади.

Ҳудудда бугунги кунда жами 241 та чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари фаолият юритаётган бўлиб, уларга 602 минг 654 гектар, 40 та масъулияти чекланган жамиятга чорвачилик комплекслари ташкил этиш учун 136 минг 333 гектар яйлов ер майдонлари ажратиб берилган.

Туманда яйлов ерларига оид қонунчилик, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилиши устидан назорат янада кучайтирилди. Хусусан, 2020 йилда қорамоллар, қўй-эчкилар бош сонини, гўшт ва сут ишлаб чиқаришни кўпайтириш, наслчилик ишлари ҳамда хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ва унинг жойлардаги ижросини таъминлашни тизимли равишда ташкил этиш ва унинг назоратини олиб бориш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда.

Туман бўйича барча тоифадаги ҳўжаликларда 39 минг 136 та шартли мол бош мавжуд бўлиб, шундан 21 минг 927 таси фермер хўжаликлари ҳисобига тўғри келади. Чорвадор учун қишки мавсумдан талофатсиз ўтиб олиш муҳим жараён ҳисобланади. Бунда асосийси қаҳратонда чорвани тўйимли ва сифатли озуқа билан таъминлаш чораларини вақтида кўриш ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Томдида ҳар бир шартли молга 2 тонна дағал хашак тўплаш керак бўлса, қиш мавсумини беталофат ўтказишда жами 78 минг 272 тонна чорва озуқаси жамғариш зарур. Бу режа эса ҳали тўлиқ бажарилмаган. Қишнинг совуқ ва изғирин кунларида чорва учун омухта ем ва бошқа кучли озуқалар талаб қилинади. Бугунги кунда режага асосан жами 180,2 тонна омухта ем сотиб олиниши керак бўлса, ҳозиргача унинг 108,1 тоннаси сотиб олинган.

- Бундан ташқари ҳайвонлар юқумли касалликларини эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш ва улар тарқалишини олдини олишга доир профилактик ишларнинг самарадорлигини, чорва молларинининг мажбуран сўйилиши, давлат ветеринария назоратининг аҳволи таҳлил қилиб келинмоқда, - дейди “Ўзагроинспекция” Томди туман бўлим бошлиғи Рустам Камилов.- Ўтказилган таҳлиллар, ветеринария идоралари томонидан ҳайвонларни юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари тўғри олиб борилмаганлиги, ҳайвонларда юқумли касалликлар тарқалишини олдини олиш ишлари самара бермаётганлигини кўрсатган. Бундан ташқари, туман ветеринария бўлими томонидан чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни самарали ташкил этилмаганлиги оқибатида, туманда йирик шохли моллар 166 бошга, ҳамда майда шохли моллар 1 минг 314 бошга камайган.

Олиб борилган назорат тадбирлари давомида ветеринария участкаларида “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда эпизоотик эмлашларни амалга оширилиш аҳволи ўрганилганда, туман ветеринария хизмати масъул ходимлари бу борада ўзларига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармасдан, қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйиб келишгани аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан Инспекциянинг туман бўлими томонидан аниқланган қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида туман ҳокими номига тақдимнома киритилган.

Туманда айни йўналишдаги назорат тадбирлари давом этмоқда.

 

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

 

 

 

Text to speech