Ру Ўз O`z En

“ТОМДИ ЯНГИ ҒАЗҒОН” НАСЛЧИЛИК ХЎЖАЛИГИДА ЧОРВА ОЗУҚАСИ ГИДРОПОНИКА УСУЛИДА ЕТИШТИРИЛМОҚДА

30 Сентябрь 2021 2423

Навоий вилоятининг асосий фаолият тури чорвачилик бўлган Томди туманида бугунги кунда 241 та чорвачиликка ихтисослашган субъектлар мавжуд. Жумладан, 1 та қорамолчилик, 206 та қўйчилик-эчкичилик, 24 та йилқичилик, 10 та туячилик, шундан 3 та наслчилик мақомига эга хўжалик юритувчи субъектлар бўлиб, 1 та қорамолчилик, 1 та қоракўлчилик, 1 та ҳисори қўйчилик хўжаликлари фаолият юритиб келмоқда. Чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган қорамолчилик хўжаликларида жами 351 бош қорамол, 152 минг 160 бош қўй, 1 минг 746 бош йилқи, 500 бошдан ортиқ туя парвариш қилинмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси туман бўлими томонидан чорвачилик субъектларида мавжуд мол бош сонлари, уларга ажратилган ер майдонлари ва улардан самарали фойдаланиш, наслли молларнинг сақланиши, парваришланиши ҳамда такрор кўпайтирилиши доимий назорат қилиб борилмоқда.

Маълумки, чорвани тўйимли озуқа билан таъминлаш соҳадаги асосий масалалардан бири ҳисобланади. Айниқса, чўлда наслли қорамолларни парваришлаш, уларга етарли емиш захирасини яратишнинг бирмунча мураккабликлари бор. Тумандаги қорамолчиликка ихтисослашган “Томди Янги ҒАЗҒОН” наслчилик хўжалигида бу масалага ижобий ечим топилган. Наслчилик хўжалигида бугунги кунда жами 351 бош қорамоллар, шундан 86 бош наслдор сигир, 521 бош қўйлар, 45 бош йилқилар, 25 бош туялар, 35 минг бош броллер товуқлари парваришланмоқда.

Фермер Яқуб Жўрақулов раҳбарлигидаги мазкур наслчилик хўжалигида чорва моллари учун озуқани  гидропоника усулида етиштириш йўлга қўйилган. Бунинг учун буғдой ўстирадиган алоҳида ускуналар келтирилган. Махсус хонада бир мартада 5 тонна буғдойни ўстириб олиш имконияти яратилган. Ўстиришга қўйилган 1 килограмм буғдой қисқа муддатда 6-7 килограмм озуқага кўпайтирилиб, ҳар бир бош молга рацион асосида силос ва сомонга аралаштирилиб, озиқлантирилмоқда.

Айтиш керакки, гидропоника усулида кўк озуқа етиштириш учун барча шароит яратилган. Жараён ҳар 7-8 кунда такрор амалга оширилади. Натижада ўстириладиган 5 тонна буғдой 30-35 тоннага кўпаяди.

Манбаларда қайд этилишича, 1 метр квадрат ерда гидропоника усулида ундирилган дондан 25–28 килограммгача кўк масса олиш мумкин. Бунинг учун атиги 7–8 кун кифоя қилади. Худди шу ўлчамдаги ерда бир йилда 52 марта ҳосил етиштирса бўлади. Бу 1300–1456 килограммгача кўк масса олиш мумкин, деганидир. Ушбу кўрсатгич дон ва такрорий экиндан олинадиган дағал – хашак ва силосга нисбатан 282–316 мартага кўп.

- Гидропоника технологиясини қўллаш чорва озуқасининг таннархини арзонлаштиришга ҳам сабаб бўлади, - дейди “Томди Янги ҒАЗҒОН” наслчилик хўжалиги раҳбари Я. Жўрақулов.- Гидропоника усулида озуқа етиштириш – ҳам тўйимли ва арзон. Шу билан бирга бундай ширали емиш соғин сигирларимизнинг маҳсулдорлигини оширмоқда. Сигирларимиздан бир кунда ўртача 1500-1550 литргача сут оляпмиз. Сут ва сут маҳсулотлари аҳолига етказиб бериляпти. Бундан туман аҳли ҳам мамнун.    

 “Ўзагроинспекциянинг Томди туман бўлими катта инспектори Аъзам Саидовнинг таъкидлашича, наслчилик хўжалигида чорванинг парваришланиши, озуқа захираси ва бошқалар бўйича доимий тарзда ўрганишлар олиб борилади. Зарур ўринларда инспекторлар томонидан фермерга тавсия ва маслаҳатлар бериб келинмоқда.   

Маълумот ўрнида келтириш жоизки, Инспекциянинг туман бўлими томонидан жорий йилнинг январь-август ойи давомида чорвачилик йўналишида жами 51 та назорат тадбирлари ўтказилиб, 20 та қонунбузилишлар аниқланган. 2 та тақдимнома, 14 та ёзма кўрсатма, 49 та огоҳлантиришлар берилган. Тўпланган 4 та материал ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун суд ва прокуратура органларига юборилиши таъминланган.  

 

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

Text to speech