Ру Ўз O`z En

Тўқимачилик саноати ривожланган Туркия пахтачилиги ва ғўза навлари

11 Апрель 2022 1919

Сўнги йилларда Республикамиз пахтачилик соҳасига пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятининг жорий қилиниши, бу соҳада қисқа фурсатларда ижобий натижаларга эришилаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қарорларда нав танлаш ва уларни оқилона жойлаштириш борасида бир қатор имтиёзларнинг берилиши натижасида пахтачиликда ҳосилдорлик сезиларли даражада ошиб бормоқда.

Айниқса, пахта хом-ашёси етиштирувчиларга районлашган ғўза навларини эркин жойлаштириш ваколатлари берилгач, Султон, Бухоро-102, Бухоро-10, С-8290 сингари эртапишар, Бухоро-6, Бухоро-8 сингари ўртапишар ғўза навларининг сўнги йилларда эгаллаган майдони сезиларли даражада кенгайиб, фермер хўжаликлари ва кластерларга деҳқонбоп ва саноатбоп нав сифатида маъқул келмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-106-сонли қарорининг 9-банди “а” кичик бандига мувофиқ, агрокластерлар ва фермер хўжаликларига ғўза ҳамда бошоқли дон экинларининг энг ҳосилдор навларини белгиланган тартибда импорт қилишга, шунингдек, мустақил жойлаштиришга рухсат берилиши кўрсатиб ўтилган бўлиб, мазкур имтиёзлар пахта-тўқимачилик кластерларида чет эл селекциясига мансуб ғўза навларини экишга бўлган қизиқишини янада орттиради.

Шу боис, чет эл селекциясига мансуб ғўза навлари, хусусан пахта тўқимачилик кластерлари томонидан кўплаб қизиқишларга сабаб бўлаётган Туркия давлатида экилаётган ғўза навлари тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтишни жоиз деб билдик.

Туркия миллий навлари рўйхатида 96 та пахта нави мавжуд. Улардан 43 таси Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва сиёсати бош бошқармаси (ТАGЕМ) томонидан ишлаб чиқилган ва рўйхатга олинган навлардир. Мавжуд навлардан ташқари, Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва сиёсати бош бошқармаси (ТАGЕМ) томонидан ишлаб чиқилган 11 та янги нав 2020 йилда рўйхатга олинган.

Ушбу минтақада асосан МАY-505, МАY-344, МАY-455, ST-468, ST-498, ST-373 сингари юқори сифатли тола берувчи, мослашувчан, юқори самарадорликка ва тола чиқимига эга бўлган навлар экилади.

2019-йилги маълумотларга кўра, Туркияда ишлаб чиқарилган пахтанинг 84% ни мос равишда 6 та вилоят таъминлайди. Булар Шанлиурфа (37%), Айдин (11%), Диярбакир (11%), Ҳатай (10%), Адана (9%) ва Измир (6%) вилоятларидир.

Бугунги кунда мамлакатда фаолият юритаёган “MY FIBER” бренди остида экиладиган ғўза навларининг тола сифатига қўйиладиган талаблар қуйидагилардан иборат:

юқори ўртача узунлик - 30 мм ёки ундан юқори,

толанинг пишиқлиги – 31г/текс ва ундан юқори,

тола нозиклиги (микронейри) – 3,8-4,6 оралиғида,

ип йигирувчанлик коэффициенти – 150 дан юқори,

калта толалар индекси – 5 дан кам бўлиши,

узунлик бўйича бирхиллик индекси – 87 %дан юқори,

Ранг бўйича нав кўрсаткичи – 11-21-31-41-оралиғида бўлиши лозим.

Юқори тола сифатига эга бўлган ғўза навлари тўғрисида қисқача маълумот.

Ғўзанинг МАY-505 нави:

Ўрта эртапишар нав бўлиб, барглари кам тукли, юқори ҳосилдорлик ва мослашувчанлик қобилиятига эга, вертицеллёз ва фузариоз сўлиш касалликларига чидамли, машина теримига мослашган нав саналади. Туркияда пахта экиладиган минтақаларга тавсия этилган. Толасининг сифати қуйидагича:

юқори ўртача узунлик – 31-32 мм,

толанинг пишиқлиги – 32-36 г/текс,

тола нозиклиги (микронейри) – 4,4-4,6 оралиғида,

тола чиқиши, - 43-45 % оралиғида,

Ғўзанинг МАY-455 нави:

Эртапишар нав, барглари кам тукли, конуссимон ўсимлик тузилишига эга бўлиб, ҳосил элементлари асосий пояга яқин жойлашган. Ўсимликда 5 чаноқли кўсаклар 60-70 фоизни ташкил қилади, юқори ҳосилдорлик, қурғоқчилик ва мослашувчанлик қобилиятига эга, вертицеллёз ва фузариоз сўлиш касалликларига чидамли, машина теримига мослашган нав саналади. Туркияда пахта экиладиган минтақаларга тавсия этилган. Толасининг сифати қуйидагича:

юқори ўртача узунлик – 31-32 мм,

толанинг пишиқлиги – 32-35 г/текс,

тола нозиклиги (микронейри) – 4,4-4,8 оралиғида,

тола чиқиши, - 44-46 % оралиғида,

Ғўзанинг ST-468 нави:

Ўрта эртапишар нав бўлиб, барглари тукли, ўсимликда 5 чаноқли кўсаклар 70-75 фоизни ташкил қилади, кўсаклари ўртача катталикда, қурғоқчиликка чидамли ва юқори мослашувчанлик қобилиятига эга, вертицеллёз ва фузариоз сўлиш касалликларига чидамли, пахтаси чаноқдан тўкилиб кетмайдиган машина теримига мослашган нав саналади. Жануби-шарқий Онадўли минтақаси учун тавсия этилган. Толасининг сифати қуйидагича:

юқори ўртача узунлик – 30-31 мм,

толанинг пишиқлиги – 34-36 г/текс,

тола нозиклиги (микронейри) – 4,2-4,4 оралиғида,

тола чиқиши, - 44-45 % оралиғида,

Ғўзанинг ST-498 нави:

Ўрта эртапишар нав бўлиб, барглари ўртача тукланган, ўсимликда 5 чаноқли кўсаклар 70-75 фоизни ташкил қилади, кўсаклари ўртача катталикда, қурғоқчиликка чидамли ва юқори мослашувчанлик қобилиятига эга, вертицеллёз ва фузариоз сўлиш касалликларига юқори даражада чидамли, йиғим-терим даврида содир бўлиши мумкин бўлган шамол ёки ёмғир туфайли пахтаси чаноқдан тўкилиб кетмайдиган машина теримига мослашган нав саналади. Туркияда пахта экиладиган минтақаларга тавсия этилган. Толасининг сифати қуйидагича:

юқори ўртача узунлик – 30-31 мм,

толанинг пишиқлиги – 34-36 г/текс,

тола нозиклиги (микронейри) – 4,2-4,4 оралиғида,

тола чиқиши, - 44-45 % оралиғида,

Ғўзанинг МАY-344 нави:

Эртапишар нав, барглари ўртача тукли, йирик кўсакли, юқори ҳосилдорлик, қурғоқчилик ва мослашувчанлик қобилиятига эга, вертицеллёз ва фузариоз сўлиш касалликларига чидамли, йиғим-терим даврида содир бўлиши мумкин бўлган шамол ёки ёмғир туфайли пахтаси чаноқдан тўкилиб кетмайдиган машина теримига мослашган нав саналади. Чукурова ва Эгей минтақаларига тавсия этилган. Толасининг сифати қуйидагича:

юқори ўртача узунлик – 29-31 мм,

толанинг пишиқлиги – 29-31 г/текс,

тола нозиклиги (микронейри) – 4,0-4,4 оралиғида,

тола чиқиши, - 41-43 % оралиғида,

Ғўзанинг ST-373 нави:

Эртапишар нав бўлиб, барглари ўртача тукланган, ўсимликда 5 чаноқли кўсаклар 65-70 фоизни ташкил қилади, йирик кўсакли, 1000 дона чигит вазни 100 гр, юқори ҳосилдорликка эга, вертицеллёз ва фузариоз сўлиш касалликларига чидамли, машина теримига мослашган нав саналади. Эгей минтақасига тавсия этилган. Толасининг сифати қуйидагича:

юқори ўртача узунлик – 29,5-30 мм,

толанинг пишиқлиги – 31-32 г/текс,

тола нозиклиги (микронейри) – 4,2-4,5 оралиғида,

тола чиқиши, - 40-41 % оралиғида,

Бундан ташқари, мамлакат маҳаллий селекциясига мансуб юқори сифатли толага эга пахта навлари Замбия давлатида олиб борилган кенг кўламли лойиҳалар натижасида икки йил давомида синовдан ўтказилган МАY-505 ва МАY-344 навлари юқори ҳосилдорлик ва юқори мослашиш кўрсаткичлари, шунингдек, юқори пахта ҳосилдорлиги ва юқори тола сифатини баҳолаш натижаларига кўра Замбия Уруғлик назорати ва сертификатлаштириш институти томонидан рўйхатга олинган ва ушбу навлар мамлакат ҳудудида экиладиган навлар рўйхатига киритилган.

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.

 

Н.Исмаилов - Инспекциянинг Уруғлик пахта хом-ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи

М.Курбанбаев - Инспекциянинг Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи

 

 

Text to speech