Чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда чорвачиликка ихтисослашган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, ривожланган давлатлардан зотдор молларни олиб келиш ва бош сонини кўпайтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бугунги кунда туманда 21 та чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 8 таси наслчилик мақомига эга.
Тумандаги “Тўрақўрғон агросаноат” фермер хўжалиги мазкур йўналишда ўз ўрнига эга бўлган субъектлардан бири ҳисобланади. Мазкур хўжаликда айни кунда Швециядан олиб келинган “Сементал” зотли 401 та қорамол парваришланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида улардан 110 дан ортиқ бузоқлар олинди.
- Бугунги кунда туманимизда чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларида жами 3 минг 21 бош қорамол боқилмоқда. Аҳамиятлиси уларнинг 1 минг 229 таси хориждан келтирилган наслли зотларни ташкил этади-, дейди биз билан суҳбатда “Ўзагроинспекция”нинг Тўрақўрғон туман бўлими чорвачиликда наслчилик ишларини таъминлаш устидан назорат бўйича катта инспектори Фахриддин Сайфиддинов. - "Ўзагроиснпекция" фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларга асосан, шунингдек Инспекциянинг туман бўлими томонидан соҳани ривожлантиришга оид қонунлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Наслчилик тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, қабул қилинган дастурларда белгиланган топшириқларни ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши устидан назоратни амалга ошириб келинмоқда.
Республикамизда чорвачиликни ривожлантириш, хусусан четдан наслли қорамолларни олиб келиш ва маҳаллий зотини яхшилаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Ўз ўрнида наслчилик хўжаликлари сонининг ортгани ва уларда боқиладиган чорва молларининг кўпайиши мамлакатимизда гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
“Ўзагроинспекция” Наманган вилояти бошқармаси Ахборот хизмати