Ру Ўз O`z En

Тўрақўрғонда келгуси йил ҳосили учун пухта тайёргарлик кўрилмоқда

15 Декабрь 2021 1503

Халқимизда «Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан», деган ҳикмат бор. Бу бежизга айтилмаган, албатта. Негаки, экинларни кузда экиб, қор остида қолдириш усулига ТЎҚСОНБОСТИ деб айтилади. Бундай экинларнинг уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради.

 

Ўсимликни кузда экишнинг яна бир сабаби, кузда экилган саримсоқпиёздан кўкламда экилганига нисбатан кўпроқ ҳосил олинади. Энг муҳими, деҳқончиликнинг "тўқсонбости" яхшигина даромад манбаи бўлиш билан бирга, аҳолининг эртаки сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш имкони ҳам ортади.

Шу боисдан ҳам Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туман фермер хўжаликлари томонидан жами 649 гектар майдонга 2022 йил ҳосили учун пиёз, саримсоқпиёз ҳамда сабзавот резавор экинлар экилиши режалаштирилган.  Айни кунларда ана шу ишлар ўз ниҳоясига етказилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Тўрақўрғон туман бўлимидан олинган маълумотларга кўра, келгуси йил ҳосили учун пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги билан бирга кўкатлардан сельдерей, укроп, петрушка ҳамда брокколи, гулкарам ва карам экинлари ҳам экилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, туман бўйича фермер хўжаликлари томонидан жами 649 гектар майдонга "тўқсонбости" усулида экин жойлаштирилади. Ушбу майдонлардан жами 18,5 тонна ялпи ҳосил олиш режалаштирилган. Шундан 6,7 тонна пиёз, 1,6 тонна саримсоқпиёз, 2,6 тонна сабзи, 1,2 тонна ош лавлаги, 3,2 тонна кўкатлар ва 3,1 тонна бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини ташкил этади. Етиштирилган маҳсулотларнинг 4,2 тоннаси экспортга йўналтириш ва 12,9 тоннасини эса ички истеъмол бозорларига етказиб берилиши режалаштирилган.  

Бу ўз ўрнида бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш баробарида аҳоли ва фермер хўжаликлари даромадининг ортишига ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.  

А. Садритдинов, “Ўзагроинспекция” Наманган вилояти Тўрақўрғон туман бўлими катта инспектори

Text to speech