Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг 2024-йилнинг биринчи яримида Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими томонидан Тошкент шаҳридаги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолати ўрганиб борилди.
Шу мақсадда. ер соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ташкил қилинган бўлиб, ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳрининг Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Бектемир, Янгихаёт, Сергели туманларида ердан фойдаланувчи субъектларга тегишли қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан белгиланган мақсадларда фойдаланиш ҳолати Инспекция мутахассислари томонидан ўрганилди.
Ўрганиш натижасида 63 та ҳолатда 32,9 гектар суғориладиган экин ер майдонларида қурилиш ишлари бажарилганлиги ва бошқа ҳолатлар натижасида ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқиши ҳолатлари аниқланган бўлиб, шундан 16 та ҳолатда 10 гектар майдонда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб қурилишлар қуриш, 31 та ҳолатда 12 гектар майдонда ердан фойдаланувчи томонидан ўзини еридан рухсатсиз қурилиш қуриш, 2 та ҳолатда 1 гектар майдонга рухсатсиз тупроқни унумдор қатламига зарар етказиш, 14 та ҳолатда 11 гектар майдонга ер қонунчилик ҳужжатларига зид равишда ер ажратиш ҳолатлари аниқланган.
Мисол учун Бектемир туманида фаолият юритаётган “AZIYA LU LU TONG” МЧЖ иссиқхона учун ажратилган 1580-контурда жойлашган унумдорлиги жиҳатидан 42 баллни ташкил этувчи 2,15 гектар суғориладиган экин ер майдони атрофи ғишт деворлар билан ўраб олиниб, ноқонуний равишда шағал қопламалар билан контейнерлар сақлаш учун бетон қопламалар қилинган ва капитал қурилиш асосида нотурар бино иншоотлар қурилиб, сувли экин ер майдонидан белгиланган мақсадда фойдаланилмаган.
Шу каби “NEW YECOTECH” МЧЖ га иссиқхона учун ажратилган 1674қ-контурда жойлашган унумдорлиги жиҳатидан 68 баллни ташкил этувчи 0,25 гектар суғориладиган экин ер майдони атрофи ғишт деворлар билан ўраб олиниб, ушбу ер майдонининг 0,25 гектар (2500 м2) тўлиқ қисмига ноқонуний равишда капитал қурилиш асосида нотурар бино иншоотлар қуриб, сувли экин ер майдонидан белгиланган мақсадда фойдаланмаган.
Яшнобод туманидаги “АГРО Марказ Нур” МЧЖ томонидан ҳудуд қишлоқ хўжалиги харитасининг 5412-контурида 0,08 гектар суғориладиган экин ер майдонида уй-жой қуриш ишлари бажарилган.
“ORIENT FLOVER HOUSE” МЧЖга иссиқхона учун ажратилган 5655қ-контурда жойлашган унумдорлиги 68 баллни ташкил этувчи 0,76 гектар, шундан 0,56 гектар суғориладиган экин ер майдонида замонавий уй-жойлар(коттедж) қуриш ишларини амалга оширганлиги аниқланди.
Туман захира ерларидан 5492-контурда 0,002 гектар суғориладиган ерда қурилиш ишлари бажарилган.
“Тузел Салоҳиддин” Ф/хнинг 5544-контурида 0,10 гектар майдонида қурилиш ишлари бажарилганлиги аниқланган.
Шунингдек, Тошкент вилояти Зангиота тумани Зангиота массивида фаолият юритаётган “AL BASIR UNION” МЧЖ фойдаланишида бўлган ер майдонлари ўрганилганда қишлоқ хўжалиги харитасининг 55-контуридаги 58,5 ҳамда 76,7 балл бонитетли суғориладиган экин ер майдонларида қурилиш ишлари амалга оширилганлиги аниқланган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган низомга асосан 31 миллиард 829 миллион сўмдан ортиқ қишлоқ хўжалиги ер майдонларига етказилган зарар ҳисобланди.
Мазкур аниқланган ер қонунбузарлик ҳолатлари бўйича Инспекция томонидан 12 та (5,69 гектар) ҳолатда ер қонунбузарлик ҳолатлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича Бектемир туман ҳокимлигига тақдимнома киритилган.
9 та (1,5 гектар) ҳолатда Ички ишлар органларига ҳамда 54 та ҳолатда 31,4 гектар ер майдони бўйича аниқланган ер қонунбузарлик ҳолатларига тегишли чора кўриш учун Бош прокуратурага маълумот тақдим этилган.
Бугунги кунда идоралараро ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ф.Тухташев, Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бошлиғи