Ру Ўз O`z En

Тошкент вилоятида соячиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда

17 Май 2022 2705

Соя – дунё миқёсида бебаҳо ўсимлик сифатида қадрланади. Ушбу дуккакли ўсимлик экин майдони жиҳатидан жаҳонда буғдой, шоли ва маккажўхоридан кейинги ўринни эгаллайди. Шимолий ва жанубий Aмерика давлатлари соя донини экспорт қилишда етакчи ҳисобланади.

Сўнги йилларда Республикамизда ноанъанавий қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республикамиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига, хусусан, ўсимлик мойига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, импорт ҳажмини қисқартириш, чорвачилик ва паррандачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлашда соя экинининг аҳамияти катта. Соя барча қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан кузги ғалла, маккажўхори, сабзавотлар ва бошқа экинлари учун яхши ўтмишдош экин ҳисобланади.

Жорий йил Тошкент вилоятида 10 минг гектардан ортиқ майдонда соя экиш белгиланган. Ушбу майдонлардан 20 минг тонна, шундан, 19 минг 940 тонна товар дон ва 60 тонна уруғлик дон етиштириш режалаштирилган бўлиб, Aгросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан агротехник тадбирларнинг бажарилиши кунлик назоратга олинган.

Шу кунларда фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари томонидан экилган соя экини алоҳида парвариш қилинмоқда. Ҳозир давлатимиз томонидан соячиликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Бунинг натижасида аҳолини ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан ўта фойдали озуқа билан таъминлашга эришилади.

Соя ўсимлиги биологик ҳусусиятига кўра, жой танламайди. Шўрланган, ер ости сув сатҳи кўтарилган экин майдонларида ҳам ўсаверади. Шунингдек, уни аралаш усулда парваришлаш жуда қулай. Енг муҳими, у ерни “даволайди”, тупроқни азот билан бойитади. Дуккакли ўсимлик бўлгани боис ҳар гектар ерда 55-60 килограмм, баъзида 80-100 килограммгача соф азот йиғиб беради.

Соянинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам ўрни беқиёс. Республикамизнинг ёғ заводларида соя донидан тўғридан-тўғри ёғ ажратиб олинади. Ёғи ажратиб олингандан сўнг изолятидан кондитер саноатида шоколадли конфетлар тайёрлаш мумкин. Ёки турли хил пишириқлар, нон ва нон маҳсулотлари, колбаса маҳсулотларини тайёрлашда фойдаланилади. Таркибида оқсил моддаси кўп бўлгани учун соя уни қўшилган нон ва ширинликлар 2-3 маротаба тўйимли бўлади.

Демак, сояни етиштириш билан қатор муҳим масалалар ҳал этилади, яъни тупроқни биологик азот билан бойитиш баробарида аҳолини сифатли, экологик тоза ўсимлик мойи билан таъминланади ва турли хил маҳсулотлар тайёрланади. Шунингдек, янги иш ўринлари яратилиши ҳам кўзда тутилган.

Шу боисдан ҳам Тошкент вилояти миришкорлари томонидан соячилик тармоғига катта эътибор қаратилмоқда.

Ў.Нурбеков, Агроинспекция Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи в.в.б.                                                 

Ш.Усубалийев, Агроинспекция Тошкент вилояти Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими бош инспектори       

Text to speech