Жорий йилда Тошкент вилоятининг 103 минг 845 гектар сувли майдонларида бошоқли дон экини етиштирилди. Айни кунларда барча туманларда ғалла ўримига старт берилиб, аграр соҳа эгалари томонидан яратилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан, йиғиштириб олиш чоралари кўрилмоқда. Мисол учун, вилоятнинг Оққўрғон туманида 2022 йил ҳосили учун 153 та фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластери томонидан 10 минг 600 гектар ерда бошоқли дон экинлари парваришланган бўлса, дон сотиш шартномасига асосан жами 28 минг 700 тонна, шундан 26 минг 200 товар дон, 2 минг 500 тонна уруғлик дон топшириш белгилаб олинган.
Ҳосилни ўриб-йиғиб олиш ишларида қатнашадиган комбайнларнинг аллақачон шай ҳолатга келтирилгани эса жараённи янада узлуксиз олиб борилишини таъминлайди.
Мавсум аввалида вилоят бўйича ўрим-йиғим ишларида 293 та юқори унумли дон ўриш комбайнларни қатнашиши режалаштирилган бўлиб, шундан, “Кейс” ва “Нью Холланд” русумли комбайнлар 110 дона, “Клаас Доминтор-139” комбайни 47 дона, “Вектор-39” ва бошқа русумли комбайнлар эса 5 донани ташкил этади. Комбайнлар таъмири учун ишлатиладиган эҳтиёт қисмлар ва ёнилғи мойлаш материаллари учун 8 млрд 61 млн сўм миқдорида пул маблағлари талаб этилиши ҳисоб-китоб қилинган. Ўзлаштирилган 7 млрд 475 млн сўмлик пул маблағлари эвазига мазкур комбайнлар тўлиқ таъмирдан чиқарилган.
Шунингдек, 14 та туманда ҳамда вилоятда ғалла ўрим-йиғим ишларини мувофиқлаштириб борувчи штаблар ташкил этилиб, отрядлар тузилган. Ҳар бир штаб ўртача 5 донадан комбайнларнинг ишлашини назорат қилиб боради. Отрядга ички ишлар, ер тузувчи ва банк ходимлари, шунингдек ғалла ташиш транспортлари, техник хизмат автомашиналари, ёқилғи ташиш транспортлари ҳам бириктирилган. Ўрим жараёнида комбайнларда носозликлар кузатилганда, 24 соат ишловчи кўчма сервис хизмати ташкил этилган.
Тошкент вилоятида “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги 3 та, “Тошкентдонмаҳсулотлари”, “Ғалла-Алтег” ва “Оҳангарон дон” акциядорлик жамиятларига қарашли 11 та дон қабул қилиш шахобчалари мавжуд бўлиб, мазкур дон қабул қилиш шахобчаларига ҳам “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилояти бошқармаси ва туман бўлимларининг масъул инспекторлари бириктирилган. Инспекторлар томонидан шахобчага қабул қилинаётган дон ва миқдори, синфи ва сифат кўрсатгичлари назоратга олинган. Шунингдек фермер хўжаликлари томонидан низоли ҳолатлар юзага келган тақдирда, штаб инспекторлари ижобий ҳал этишга кўмаклашмоқда. Шу билан бирга ғалла ўрими жараёнида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида кунлик маълумотлар тайёрлаб борилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилоят бошқармаси Ахборот хизмати