Ру Ўз O`z En

Тошкент вилояти яшил масканга айланмоқда

24 Ноябрь 2022 2173

"Яшил макон" - ибораси сўнги вақтларда шиорга айланиб, умуммиллий ҳаракатга айланди, десак хато бўлмайди. Ҳар ерда кўчат экиш акциялари, минглаб гектар майдонларда дарахт ўтказиш тадбирлари бўлиб ўтмоқда. У хоҳ шаҳар ёки туман бўлсин, мақсад битта – у ҳам бўлса, инсонларнинг ҳаёт сифати яхшилансин, атроф обод манзилга айлансин.

Ана шундай хайрли мақсадлар билан «Ўзагроинспекция»нинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари ҳам катта ташаббусга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

-Айтиш жоиз, ушбу умуммиллий лойиҳа доирасида бутун вилоят бўйлаб экилаётган манзарали ва мевали кўчатлар иссиқлик таъсирини камайтиришга ҳамда ҳаво ҳарорати пасайишига қисман бўлсада ҳисса қўшади. Ушбу лойиҳанинг “Яхшидан боғ қолур” шиори остида ўтказилаётгани ҳам бежизга эмас, — дейди Инспекциянинг Тошкент вилоят бошқарма бошлиғи С. Садиков.

Ҳар бир экилган дарахт ҳавони чангдан тозалаши, кислород ишлаб чиқариши билан ҳам ҳозир бутун дунёда кузатилаётган иқлим ўзгаришларига ижобий таъсир этиб, келажак авлодга яшил макон қолдиришимизга сабабчи бўлади.

Шу муносабат билан лойиҳа доирасида Инспекциянинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг куз ойларида 2 минг дона мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатларини экиш белгилаб олинди.Ҳар бир инспекция ходими ўзининг ташаббуси билан кўчат экиш ишларини ташкил этиш ҳамда кўкаламзорлаштириш мақсадида узи яшаб турган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга, мактабгача таълим муассасаси, мактаб ҳудудлари ҳамда фермер хўжаликлари ер майдони атрофига кўчат экиш ишлари ташкил этилди.

Ҳозирда инспекциянинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари ходимлари томонидан жорий йилнинг 22 ноябрь ҳолатига жами 3 минг дона манзарали, мевали ва бошқа турдаги кўчатлар экилиши таъминланди.

Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти тасарруфидаги Тошкент илмий тажриба станцияси томонидан асосий кўчат мевали, манзарали ва буталар кўчатлари етказиб берилмоқда.

Шунингдек, Агроинспекция томонидан мевали, манзарали дарахт ва буталарнинг уруғлик материаллари ҳамда кўчатлар, узум экиш материаллари ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи корхоналарда уруғ ҳамда кўчатларни турли касалликларга чалинмаганлик тўғрисидаги фитосанитар сертификати мавжудлиги устидан назорат олиб борилмоқда.

Шундай экан, кўчат ўтқазиш, деҳқончилик қилишдек эзгу ишдан қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида астойдил ҳаракат қилайлик.

Ш Усубалиев, «Ўзагроинспекция»нинг Тошкент вилоят бошқармаси бош инспектори

Text to speech