Буғдой энг кўп тарқалган асосий донли экинлардан бири ҳисобланади. Бутун дунё халқларининг яримидан кўпроғи озиқ-овқат сифатида буғдой нонидан фойдаланади. Буғдой донининг таркибида оқсил ва крахмал кўп, оқсил моддалар, асосан, клейковина таркибида бўлганлиги учун унинг унидан сифатли нон тайёрланади.
Мамлакатимизнинг суғориладиган майдонларида етиштирилаётган буғдой навларини уларнинг биологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда жойлаштириш, ерни ва уруғни экишга тайёрлаш, экиш усули, меъёри ва муддатлари, органик ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, бегона ўт, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминловчи инновацион технологияларни жорий этиш, шунингдек, кузги буғдой дон ҳосилдорлигини ошириш мақсадида навларни тўғри танлаш, сараланган юқори сифатли уруғларни экиш талаб этилади
Суғориладиган шароитда ҳар бир туманнинг ҳудудий жойлашуви ва минтақаларига кўра ўзига хос тупроқ ва иқлим шароитига эга. Шу билан бир қаторда, янги истиқболли навлар учун қўлланиладиган янги агротехнологик тадбирлар мажмуи шу жойнинг табиий шароитидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилиб, ғаллакорларга тавсия этилиши яқин келажакда ўзининг юқори самарасини беради.
Шунингдек, кузги буғдойнинг азотга бўлган эҳтиёжи бутун ўсиш даври давомида юқори бўлади. Буғдой ўсимлигида 75-80% азот бошоқлаш даврига қадар ўсимликнинг барг ва поясида тўпланади. Ана шу тўпланган азот ҳисобидан дон таркибидаги оқсилнинг асосий қисми ҳосил бўлади. Ҳосилдорлик юқори (65-70 С/га) бўлганда ўсимликнинг барги ва поясида тўпланган азот миқдори донда оқсил моддасини етарли миқдорда бўлишини таъминлай олмайди. Айниқса, азот танқислиги кузги буғдойда ҳосил элементлари шаклланаётган вақтда, яъни ривожланишнинг бошоқлаш, гуллаш ва сут пишиш даврларида кузатилади.
Жорий йилда ҳам Тошкент вилоятида уруғлик ғалла етиштириш мақсадида танлов ғолиби деб топилган 158 та фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 8 минг 228 гектар майдонларда ҳосилдорлиги юқори бўлган уруғлик ғалла навлари экиб парвариш қилинмоқда.
Хусусан, ғалланинг ҳосилдорлиги юқори берадиган Васса, Алексевич, Антанина, Гром, Безостая-100, Еланчик, Темирязовка-150 ва Аср навларидан экилган.
Ушбу уруғлик ғалла майдонларида экишдан тортиб то шу бугунги кунга қадар азотли, калийли минерал ўғитла билан озиқлантириш ишлари, маҳаллий ўғит билан шарбат усулида суғориш ишлари Агроинспексиянинг Тошкент вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш шўбаси ҳамда туман инспекторлари томонидан кунлик назорат қилиб борилмоқда.
Назорат тадбирлари давомида барча уруғлик ғалла етиштирувчи субъектларга уруғлик ғалла майдонларида кечиктириб бўлмайдиган агротехник бажарилиши бўйича огоҳлантириш хатлари берилиши таъминланди.
Ш. Усубалиев Ўзагроинспекциянинг Тошкент вилоят бошқармасининг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг етиштирилишини назорат қилиш шўба бошлиғи