Вилоятда ғалла ҳосилини йиғиш билан бир қаторда пахта далаларида ҳам агротехник тадбирлар юқори суратларда давом этмоқда.
Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли қарори билан вилоятда 6 та пахтачилик кластерлари ва 1 минг 185 та фермер хўжаликлари томонидан 72 минг161 гектар майдонларда ғўзанинг “Султон”, “Наманган-77”, “С-6524”, “Порлоқ-4” ва “Бухоро-102” навлари парвариш қилинмоқда.
Айни кунларда вилоятнинг Бекобод, Бўка, Оққўрғон ва Қуйичирчиқ туманларида ғўза парваришидаги агротехник тадбирларни ўз муддатида сифатли ўтказиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинарлар ўтказилди.
Вилоятнинг барча пахтачилик туманларида чигит экилган майдонларда ғўза парваришида муҳим бўлган агротехник тадбирлар культивация ишлари, чопиқ қилиш, чуқур юмшатиш, бегона ўтдан тозалаш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва суғориш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда, вилоятда парвариш қилинаётган ғўза майдонларининг 10 минг 476 гектари ёки 14 фоизи шоналаш, 49 минг 712 гектари ёки 69 фоизи гуллаш, 11 минг 973 гектар ёки 16 фоизи 1-2 кўсак фазасида ривожланмоқда.
Шунингдек, ғўза қатор ораларини культивация қилиш ишлари 4,9 марта ўтказилган бўлиб, бу тадбирларда 1 минг 42 дона култиватор қатнашди.
Шу билан бирга, ғўза майдонларини чопиқ қилиш ишлари 4,6 марта, ғўзани баргидан озиқлантириш ишлари 3,4 марта ва ғўзани биринчи суғориш ишлари 41,5 минг гектар майдонларда амалга оширилди.
Бироқ, “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида 357 гектар майдонда культивация ишлари сифатсиз бажарилганлиги ҳамда 282 гектар майдонда чуқур юмшатиш саёз ўтказилганлиги ва 265 гектар майдонлар бегона ўтлардан тозаланмаганлиги аниқланиб, бу каби камчиликлар юзасидан вилоятнинг барча пахтачилик туман ҳокимликларига, вилоят қишлоқ хўжалик бошқармасига ва пахтачилик кластерларига жумладан, “ТСТ Агро кластер” МЧЖ, “АПК Бекобод”УК, “АПК Бўка”УК ва “АПК Чиноз” МЧЖларга ёзма кўрсатма ҳамда огоҳномалар киритилди.
У.Нурбеков, Агроинспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи в.в.б
Э.Зиёдуллаев, Агроинспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси инспектори