Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил ва сифатли маҳсулот етиштиришнинг асосий негизи уруғликка боғлиқ бўлиб, сифатли уруғлик етказиб бериш замирида уруғларни етиштириш, қайта ишлаш ҳамда навдорлик ва экинбоплик сифат кўрсатгичларининг назорати алоҳида аҳамият касб этади.
Шу сабабли, 2023 йил ғалла ҳосили учун жамғарилган уруғликларни қайта ишланишини ва бошоқли дон етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига экиш учун сифатли, дориланган ва сертификатланган уруғлик дон етказиб бериш ишлари Агроинспекциянинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан мунтазам назорат қилиб борилмоқда.
Жорий йилда Тошкент вилояти туманларида келгуси йил ҳосили учун вилоятда экиш учун тавсия этилган Алексеевич, Антонина, Васса, Гром, Аср, Звезда, Грация ва бошқа навлардан 29 минг тоннадан ортиқ бошоқли дон уруғликлари жамғарилди.
Шундан, “Оҳангарондон” АЖ томонидан 9325 тонна “Тошкентдонмаҳсулотлари” АЖ томонидан 5469 тонна ва “Ғалла Алтег” АЖ томонидан 6329 тонна, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДКнинг элита уруғчилик хўжаликлари томонидан 569 тонна, Нурли Диёр МЧЖ томонидан 2806 тонна ва "ТСТ Агро Кластер" МЧЖ томонидан 4502 тонна уруғлик дон таъмирланган ва зараркунандаларга қарши кимёвий ишловлар ўтказилган омбор ва айвонларга қабул қилинди.
Ушбу уруғликлар вилоятдаги “Оҳангарондон” АЖ тасарруфидаги корхона қошидаги, “Тўйтепа” ДҚҚШ, “Пискент” ДҚҚШ, “Тошкентдонмаҳсулотлари” АЖга тасарруфидаги “Қуйичирчиқ” ДҚҚШ, “Чиноз” ДҚҚШ, Ғалла-Алтег АЖ тасарруфидаги “Дўстлик” уруғлик дон тайёрлаш цехларида уруғлик донни нав ва авлодлар бўйича алоҳида жойлаштирилди.
2022 йил ҳосилидан жамғарилган бошоқли дон уруғлигини тайёрлаш учун талаб этиладиган кимёвий препарат, қоп, ёрлиқ, ип, ёғоч тагликлар уруғлик дон ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан захиралари яратилди.
Дон корхоналари тасарруфидаги уруғлик ишлаб чиқариш цехларининг ишлаб чиқариш қувватига қараб, уруғлик дон тайёрлаш бўйича графиклар ишлаб чиқилиб, бугунги кунга қадар уруғлик донни қайта ишлаш цехлари томонидан 19 ярим минг тонна уруғликларда саралаш, дорилаш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилган.
Ушбу тайёр уруғликларнинг салкам 7 минг тоннасига экиш учун яроқлилиги бўйича мувофиқлик сертификати олинди.
Вилоятда мавжуд уруғлик дон тайёрлаш субъектлар раҳбарларига уруғлик дон маҳсулотларини қабул қилиш, сифатли сақлашда санитария қоидаларига ва уларни қайта ишлашда давлат стандартларига риоя этиш, нобудгарчиликка йўл қўймаслик, дон маҳсулотлари ҳисобини юритиш журналлари, ички ташиш ва сотиш, бошоқли дон уруғликларини сақлаш юзасидан тегишли қарор ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўймаслик юзасидан огоҳлантириш хатлари берилди.
Шунингдек бошоқли дон уруғлигини тайёрлашда "Ўзагроинспекция", Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази ДУК ҳамда “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” томонидан ҳар бир уруғлик дон тайёрлаш цехларига масъул ходимлар бириктирилиб, уруғлик дон тайёрлаш мунтазам назоратга олинган.
Жорий йилда, инспекция томонидан уруғликларнинг тайёрланиши юзасидан дон корхона раҳбарлари ва уруғлик дон ишлаб чиқариш цех бошлиқларига 9 та огоҳлантириш хатлари киритилиб, уруғликларини қайта ишлаш ва сақлаш қоидаларини бузганлиги учун 2 нафар цех бошлиғига нисбатан МжТК тегишли моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилиши таъминланди.
Ш.Усубалиев, “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилоят бошқармаси бош инспектори