Ру Ўз O`z En

Тошкент вилоятида жорий йилда 10 минг гектар майдонда токзорлар барпо этилади

16 Март 2021 2223

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев вилоятларга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг боришини ўрганиш бўйича ташрифлари давомида, боғдорчилик ва узумчилик соҳасини ривожлантириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифаларни белгилаб бермоқда.

Қишлоқ хўжалиги ривожига қаратилаётган эътибор сабаб эса нафақат бозорларимиз тўкин-сочинлигини таъминланиши, балки ички истеъмолдан ортган мева ва узумларни хорижга экспорт қилиш имкониятлари яратилмоқда.

Жумладан, боғдорчилик соҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1246-сонли қарори қабул қилинган.

Қарор ижросини сифатли таъминлаш бўйича вилоятда жорий йилда янгидан мевали боғлар ва токзорларни барпо этиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган бўлиб, бугунги кунда туманлардан олинган таклифларга кўра, 253 та қишлоқ хўжалик субъектлари томонидан 5578 гектар майдонларда мевали боғлар ҳамда 133 та қишлоқ хўжалик субъектлари томонидан 10000 гектар майдонларда эса токзорлар барпо этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

2021 йилда янгидан мевали боғлар ва токзорларни барпо этиш давомида “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилояти бошқармаси ва туман бўлими томонидан ваколат доирасида, туманларда барпо этилаётган боғ ва токзорларда олиб борилаётган кўчат экиш учун ер тайёрлаш ишларини сифатли бажарилиши, мевали дарахт ва ток кўчатларини ўз вақтида етказиб берилиши юзасидан мониторинг назорат тадбирлари олиб борилмоқда ҳамда аниқланган камчиликлар юзасидан ёзма кўрсатмалар бериб борилмоқда.

Шунингдек, туманларда янги интенсив боғ ва токзорларни барпо этиш учун    78 та қишлоқ хўжалик корхоналари билан навдор, серҳосил кўчатлар етказиб берилиши бўйича шартномалар тузилиши амалга оширилган.

Деҳқончилик илмидан хабардор бўлган тажрибали фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари ўзларининг узумчилик ва боғдорчилик хўжаликларини ташкил этиш мақсадида аллақачон қизғин ишларни бошлаб юборган.

Жумладан, бугунга қадар 199 та фермер хўжаликлари томонидан 3078 гектар майдонда ер текислаш ишлари амалга оширилган бўлса, 160 та фермер хўжаликлари томонидан  2092 гектар янгидан мевали боғлар ҳамда 45 та фермер хўжаликлари томонидан 1158 гектар майдонда токзорлар барпо этилди.

Вилоят туманларида 2021 йилда янгидан мевали боғлар ва токзорларни барпо этишда бугунги кундаги илғор агротехнологиялар асосида ишлар тўғри ташкиллаштирилган бўлиб, келгусида ушбу барпо этилган боғ ва узумзорларда туманлар аҳолисининг доимий иш билан банд бўлиши ҳамда етиштирилган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Бу олиб борилган муҳим тадбирлар келгусида ўз навбатида вилоят иқтисодиётининг юксалишига олиб келади.

 

Ш.Усубалиев, “Ўзагроинспекция” Тошкент вилояти инспекцияси

катта инспектори           

Text to speech