Ру Ўз O`z En

ТУНДА СУҒОРИШ – ҒЎЗАНИ ЖАЗИРАМАДАН АСРАЙДИ

5 Июль 2021 2260

Сўнгги кунларда юртимизда, хусусан, Самарқанд вилояти ҳудудида ҳам аномал иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими ҳукм сурмоқда. Жазирама иссиқдан нафақат фуқароларимиз балки қишлоқ хўжалиги экинлари хусусан, ғўзани ҳам асраш юзасидан қатор агротехник тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Шу мақсадда, “Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан ғўза парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида, жазирама иссиқ кунларда ғўза майдонларида тупроқ намлигини 80-85 фоизда ушлаб туриш асосан, ғўзани тунда, шарбат усулида суғориш, сувни қаровсиз қолдирмаслик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энг муҳими чанқаган майдонларни назоратсиз қолдирмаслик каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, инспекторлар томонидан, фермер хўжаликларида суғоришни фақат шарбат усулида ташкил қилиш, сувчилар учун даланинг ўзида етарли шароитларни яратиб бериш ҳамда ҳар бир пахта майдони бошида “Дала уйлари”ни ташкил этилишини аҳволи алоҳида назоратга олинди.

Бундан ташқари, аномал иссиқ кунларда ғўзани ривожини тўхтатмаслик мақсадида ғўзага асосан тунда карбамид эритмаси, биолстимуляторлар билан суспензия орқали ишлов бериш, намликни сақлаш учун, сувдан кейин ер етилгач культивацияни  кечиктирмасдан, ўз вақтида ўтказиш ҳамда бегона ўтлардан тозалаш ишлари ҳам инспекторларимизнинг алоҳида назоратига олинган.

Хусусан, 2021 йил июнь ойи давомида ғўза парваришида агротехник тадбирлар ижроси юзасидан жами 230 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 43 та ҳолатда қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида, фермер хўжаликларига 30 та ёзма кўрсатмалар ва 153 та огоҳлантиришлар берилди, 10 та маъмурий қарорлар қабул қилиниб, 19 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга тақдим этилди, - дейди “Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси катта инспектори Бектош Раҳмонқулов.

Маълумот ўрнида: 2021 йил ҳосили учун Самарқанд вилоятида 75 минг 356 гектар ер майдонида ғўза парваришланмоқда. Мониторинг натижаларига кўра, айни кунларда, 45 минг 588 гектар ердаги ғўза ниҳолларида 1-2 та кўсак, 27 минг 77 гектар ердаги ғўзада 3-4 тадан кўсак мавжуд.

Агроинспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси Матбуот хизмати

Text to speech