Юртимизда турли байрамлар, муқаддас саналар олдидан умумхалқ ҳайрия ҳашарини ўтказиш ва шу орқали ҳудудларни ободонлаштириш яхши анъанага айланган.
Эътиборлиси, ободликка қаратилган ҳаракатлар ўзбек халқининг тўю-тантаналари, маърака ва турли байрамлари сабабли ҳамда бунёдкорлик ишларида янада яққол кўзга ташланмоқда. Фақат ўзимизгагина хос бўлган ҳашарнинг қадрият даражасига кўтарилгани ҳам бежиз эмас. Зеро, халқимиз ҳашарни меҳр-оқибат, ишонч ҳамда дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи восита сифатида эъзозлаб келади.
Ҳукуматнинг тегишли фармойишига кўра, 2022 йил 30 апрель куни «Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги» ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари деб эълон қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва Инспекция ҳузуридаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУКда ҳам анъана давом эттирилиб, ҳашар уюштирилди. Инспекция Марказий аппарати ва Агромарказ ходимлари томонидан эрта тонгданоқ кўчалар, ариқлар тозаланиб, дарахтлар оқланди.
Жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни тобора мустаҳкам қарор топтириш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш мақсадида ўтказилаётган ҳашар юртимизни янада обод ва файзли бўлишида ўзига хос хайрли тадбир вазифасини ўтайди.
"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати
Умумхалқ ҳашаридан фотолавҳалар