Ру Ўз O`z En

Уруғлик дон тайёрлаш ишлари Инспекция назоратида

23 Сентябрь 2021 2247

Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил ва сифатли маҳсулот етиштиришнинг асосий негизи уруғликка боғлиқ бўлиб, сифатли уруғлик етказиб бериш замирида уруғларни етиштириш, қайта ишлаш ҳамда навдорлик ва экинбоплик сифат кўрсатгичларини назорат қилиш алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 июлдаги 54-сонли йиғилиш баёнида келгуси йил ғалла ҳосили учун сифатли уруғлик дон тайёрлаш бўйича "Ўзагроинспекция"га бир қатор топшириқлар берилган.

Хусусан, 2022 йил ғалла ҳосили учун жамғарилган уруғликларни қайта ишланишини ва бошоқли дон етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига экиш учун сифатли, дориланган ва сертификатланган уруғлик дон етказиб бериш ишларини назорат қилиш вазифаси юклатилган.

Шу сабабли келгуси йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини оптимал муддатларда экилишини таъминлаш мақсадида бугунги кунда алоҳида эътибор, уруғлик донни қайта ишлаш цехларида 2022 йил ғалла ҳосили учун сифат кўрсаткичлари бўйича стандарт талабларига жавоб берадиган бошоқли дон экинлари уруғларини белгиланган муддатларда тайёрланишини жадаллаштириш ва тайёрланган уруғлик тўдаларидан белгиланган тартибда намуналар олиб, Инспекция қошидаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК томонидан экинбоплик сифат кўрсатгичлари таҳлил қилиниб, мувофиқлиги тўғрисида сертификатлаш ҳамда сертификатланган уруғликларни уруғлик дон тарқатиш шахобчалари орқали бошоқли дон етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига тарқатилиши, ўз вақтида экилишини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу борада доимий назорат қилиб бориш тизимли йўлга қўйилган.

Жумладан, 2022 йил ғалла ҳосили учун давлат стандарти талабларига жавоб берадиган сифатли уруғлик тайёрлаш устидан тизимли ҳамда қатъий назорат ўрнатиш мақсадида, “ЎздонмаҳсулотАК тизимидаги 37 та дон корхоналарига қарашли 60 та, Агрокластерлар ва Элита уруғчилик хўжаликларига қарашли 7 та уруғлик цехларига Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари ходимлари бириктирилиб, улар томонидан давлат стандарти талаби асосида уруғлик донни тозалаш, саралаш, дорилаш ва сақлаш ишларини кунлик назорат қилиб борилмоқда.

Жорий йилнинг шу кунига қадар Республика бўйича 239 минг 949 тонна ёки режага нисбатан 88 фоиз уруғлик дон тайёрланган бўлиб, 221 минг 576 тонна уруғлик дон тўдаларидан намуналар олинган ва 189 минг 512 тоннасига мувофиқлик сертификатлари берилган.

Шунингдек, ушбу сертификатланган уруғликларнинг 171 минг 597 тоннаси бошоқли дон етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига қулай оралиқ масофада ташкил этилган 184 та уруғлик дон тарқатиш шахобчаларига чиқарилган бўлиб, шундан 50 минг 216 тонна уруғлик дон экиш учун тарқатилган.

Ҳозирда уруғлик донни қайта ишлаш, сертификатлаш ва экиш учун тарқатилиши устидан кунлик назорат тадбирлари давом эттирилиб борилмоқда.

 

Инспекциянинг дон экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлими

Text to speech