Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 575-сон қарорида Инспекциянинг асосий вазифаларидан уруғчилик хўжаликларини аниқлаш устидан назорат қилиш белгиланган.
Ҳудудларда уруғлик дон етиштирувчи хўжаликларни танлаб олиш бўйича хўжаликлар ўртасида ўтказилган танловлар “супер элита, элита ва кейинги авлодларга мансуб бошоқли дон экинлари уруғларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом (рўйхат рақами 1794-сон, 17.04.2008 йил) талаблари асосида ҳаққоний ва адолатли ўтказилиши назорат қилиб борилди.
Хусусан, ҳудудларда уруғлик дон етиштирувчи хўжаликларни аниқлаш бўйича жорий йилда ўтказиладиган танловларни тўғри ўтказилишини назоратга олиш мақсадида Инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармаларига 2021 йил 30 июлдаги 01/4-10.2-140-сонли топшириқ хати юборилди.
Шунга асосан, жорий йилда ҳудудларда танлов комиссиялари томонидан танловларнинг тўғри ва ҳаққоний ўтказилиши назорат қилиб борилди. Жумладан, танловларнинг тўғри ўтказилиши бўйича 161 та назорат тадбирлари ўтказилиб, 107 та ҳолатда қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, назорат тадбирлари натижасида аниқланган ҳолатларнинг келгусида такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан танлов комиссиялари ва туманлар қишлоқ хўжалиги бўлимларига жами 199 та таъсир чоралари қўлланилган бўлиб, шундан 40 та тақдимномалар, 70 та ёзма кўрсатмалар ва 89 та огоҳлантиришлар берилган.
Республика бўйича келгуси йил ҳосилидан уруғлик дон етиштириш ҳуқуқини қўлга киритиш учун танловларда қатнашиш мақсадида 2896 нафар хўжаликлардан (97 310,9 гектар) талабгор сифатида аризалар топширилган бўлиб, шундан танлов натижаларига кўра 2 574 нафар хўжаликлар (80 831,2 гектар) уруғлик дон етиштириш ҳуқуқини қўлга киритган ва 322 нафар хўжаликлар (16 479,7 гектар) турли сабабларга кўра танловдан ўтмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Инспекциянинг дон экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлими ҳамда вертикал тизимидаги инспекторлар томонидан дон экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминоти соҳасида қонун ва қонуности ҳужжатлар талабларига амал қилиниши бўйича назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Дон экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлими