Ру Ўз O`z En

Уруғлик доннинг дориланиши ва сақланиши - "Ўзагроинспекция" назоратида

12 Август 2022 1603

Сифатли уруғлик дон келгуси йил мўл ҳосилга эришишда муҳим ўрин тутади. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекциясига 2023 йил ғалла ҳосили учун жамғарилган уруғликларни қайта ишланишини ва бошоқли дон етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига экиш учун сифатли, дориланган ва сертификатланган уруғлик дон етказиб бериш ишларини назорат қилиш вазифаси юклатилган. Шундан келиб чиқиб, “Ўзагроинспекция”нинг Навоий вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ҳам мазкур йўналишда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Маълумки, уруғлик материални аралашмалардан тозалаш турли конструкцияли уруғлик қайта ишлаш машиналарида амалга оширилади. Бунда дон тозалаш ва саралаш машиналари O’zDSt 2823:2014 давлат стандартининг талабларига жавоб берувчи ва уруғлик дон шикастланишига йўл қўймайдиган даражада ишлатиш лозим. 

Навларнинг механик аралашишининг олдини олиш мақсадида бир навли, аммо турли авлодга ёки нав тозалигининг турли тоифаларига мансуб уруғлик материалнинг бир неча тўдаларига ишлов бериш олдидан аввал тозаланаётган навнинг товар донга қабул қилинган тўдасидан 10 тонна атрофида бир марта тозалангандан сўнг шнеклар, қувурлар, линия ва нориялар тозаланганлиги тўғрисида Агроинспекция ҳамда уруғлик тайёрловчи ташкилот мутахассислари иштирокида далолатнома тузилади ва журналга қайд қилинади. Шундан кейин юқори авлодли, кейин эса паст авлодли уруғликларга ишлов берилади.

Бошоқли дон уруғлари экишга тайёрлашдан олдин кимёвий препаратлар билан дориланади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тавсия этилган уруғ дорилагичлардан фойдаланилади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, вилоятда 2023 йил ҳосили учун 92 та уруғлик ғалла етиштирувчи хўжаликлар томонидан 10 244 тонна сара уруғ дон қабул қилиб олинди. Жумладан, “Навоийдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятининг 1 ва 2-уруғлик тайёрлаш цехларига 9 808 тонна ҳамда “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат корхонаси тасарруфида ташкил қилинган “Navoiy Best Seeds” масъулияти чекланган жамиятида 435 тонна уруғлик дон тўпланди. Ҳозирги кунда “Навоийдонмаҳсулотлари” АЖнинг 1 ва 2-уруғлик тайёрлаш цехларида уруғлик етиштирувчи хўжаликлардан қабул қилинган уруғлик бошоқли донни саралаб, тозалаб, дорилаш ишлари бошланган.

Бугунги кун ҳолатига 2 684 тонна уруғлик дон стандарт талаблари асосида тозаланиб, дориланиб, қадоқлаш ишлари амалга оширилди. Айни жараёнларнинг камчиликларсиз ва сифатли ташкил этилиши Агроинспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари назорати остида олиб борилмоқда.

Дориланаётган уруғлик тўдалари тозаланган, сараланган, экинбоплик сифат кўрсаткичлари амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаби даражасида бўлиши керак,- дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Асқар Мирзоев.- Бошоқли дон уруғларини пуркаб дорилаш мосламалари яхши ва бир текисда ишлаши таъминланиши зарур. Шунингдек, дориланган бошоқли дон уруғлари қоплангандан кейин 7-10 кун муддатда омборларда сақланиши шарт. Бундан ташқари, дориланган бошоқли дон уруғлари қадоқланаётган қоплар кимёвий воситалар ўтказмайдиган мустаҳкам сифатли материаллардан тайёрланиши, ортиш ва тушириш пайтида чидамли бўлиши ҳамда қоплар оғзини тикиш ишларини механик равишда амалга ошириш талаб этилади. Дориланган уруғлик дон қопларига “Заҳарли модда билан дориланган” огоҳлантирувчи сўзлари қизил рангда аниқ акс эттирилган ҳолда ёзилиши шарт.

Қопланган уруғлик дон ГОСТ 14192 бўйича белгиланади, ҳар бир қоп устига ёрлиқ ёпиштирилади.

“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан уруғлик цехларида мазкур талабларга риоя этилиши устидан доимий мониторинглар ташкил этиб келинмоқда. Уруғлик доннинг сифатли тозаланиши, сараланиши ва дориланиб қадоқланишига асосий эътибор қаратилган. Шу билан бирга аниқланган камчиликларни вақтида бартараф этиш чоралари ҳам кўриб борилмоқда.

 

Зулфия Бобоева, “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари

Text to speech