Ру Ўз O`z En

URUG‘LIK PAXTA MAYDONI APROBATSIYASI – KELGUSI YIL HOSILI UCHUN MUHIM TADBIR

10 Август 2021 2425

Маълумки, Республикамизда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини келгуси йилда юқори ҳосилли ҳамда навдор уруғлик чигит билан узлуксиз таъминлаб бориш мақсадида ҳар йили уруғлик пахта майдонларида ғўза апробация тадбири ўтказилади.

Ғўза апробацияси навларнинг элита ҳамда кейинги авлодга мансуб майдонларида навнинг ҳақиқий нав тозалиги (навдорлиги), нав аралашмалари, ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандалар билан зарарланганлик даражаси ҳамда кутилаётган умумий пахта ҳосили, уруғлик пахта миқдори ва ундан олиниши кутилаётган уруғлик чигит миқдорини аниқлаб бериши билан муҳим тадбир ҳисобланади.

Навоий вилоятида ҳам уруғлик пахта майдонларида апробация тадбирларини белгиланган муддатларда ва сифатли ўтказиш мақсадида пахтачиликка ихтисослашган ҳудудлар, хусусан, Навбаҳор, Кармана, Қизилтепа ва Хатирчи туманларида 2021 - йил мавсумида уруғлик етиштириш мақсадида экилган ғўза майдонларида дала апробациясини ўтказиш ва сифатли уруғлик жамғарилишига бағишланган кўргазмали семинарлар бўлиб ўтди.

Унда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, вилоятдаги пахта тўқимачилик кластер корхоналари, тумандаги “Элита уруғчилик хўжалиги” масъулияти чекланган жамияти раҳбар ва мутахассислари, тумандаги уруғлик пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари, бош апробатор ва апробация комиссияси аъзолари, шунингдек, ушбу тадбирнинг тўғри ва холисона ўтказилишини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида «Ўзагроинспекция» вилоят бошқармасининг раҳбари ва инспекторлари иштирок этди.

Жойларда бўлиб ўтган семинарларда уруғчилик хўжаликларида ғўза агротехникаси ва бугунги кунда олиб борилаётган тадбирлар, шунингдек, апробациянинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, вилоятдаги уруғчилик фермер хўжаликлари сони 133 тани ташкил қилиб, 4 313 гектарни майдонда ғўза парвариши олиб борилмоқда.

Апробация семинар давомида уруғлик майдонлари тўлиқ минерал ўғит билан 3 марта озиқлантирилгани, 3 марта тўлиқ суғорилганлиги ва 7-8 марта культивация ишлари ҳамда уруғлик пахта майдонларида эса чилпиш ишлари амалга оширилгани қайд этиб ўтилди. Шунингдек, апробациянинг тўғри, холисона ва ўз муддатларида ўтказилиши Инспекциянинг вилоят бошқармаси инспекторлари назоратида бўлиши таъкидланди.

-  Барча апробация қилинган майдонларда ғўза ниҳолларнинг вертитсиллёз ёки фузариоз вилт ва гоммоз билан зарарланганлик даражаси аниқланади ҳамда дала гуруҳларига ажратилади ва дала гуруҳларига ажратилган майдонлардан терилган уруғлик пахта хом-ашёси алоҳида жамғарилади, - дейди «Ўзагроинспекция» вилоят бошқармаси бош инспектори Аббос Ризоқулов, – шунингдек, бегона нав аралашмалари ҳамда бегона ўтлардан тозалангани кўздан кечирилади. Инспекциянинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан апробациянинг нечоғлик сифатли ўтказилиши назорат қилиб борилади.

Навбаҳор туманидаги «Сафо-севди» фермер хўжалигида ташкил этилган мазкур семинар доирасида уруғлик пахта етиштирувчи фермер хўжалик раҳбарларига ғўза апробациясининг сифатли ўтказишда алоҳида аҳамият қаратиш лозим бўлган жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борада фермер ва деҳқонларга атрофлича маслаҳат ва тавсиялар берилди.

-  Фермер хўжалигимизнинг пахта майдонларининг 40 гектарида уруғлик пахта етиштириш мақсадида Бухоро-102 навининг «Элита» авлодига мансуб уруғлик чигит эккан эдик, - дейди фермер хўжалик раиси Севдиёр Рустамов, - ҳозирда уруғлик пахта майдонидаги бир туп ғўза ниҳоли 12-13 тагача шона қилган ҳосил қилган, кўсак сон эса 15 тадан 38 тагача етган. Нав тозалигини амалдаги давлат стандарти талабига етказиш мақсадида бегона нав аралашмасидан тозалашга алоҳида аҳамият қаратганмиз. Ғўза апробациясининг тез кунларда ва талаб даражасида ўтказилишига мутасадди ташкилотлар билан келишиб олганмиз.

Маълумот ўрнида келтириш лозим, вилоятда уруғлик пахта майдони апробацияси 5 - августдан бошланиб, 20 - августда якунланиши режалаштирилган.

 

 «Ўзагроинспекция» Навоий вилоят бошқармаси

 матбуот хизмати 

Text to speech