Ру Ўз O`z En

Уруғлик пахта майдонларида агротехник тадбирлар ўтказилмоқда

25 Май 2022 1907

Давлат раҳбарининг “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг тупроқ унумдорлиги юқори, сув таъминоти яхши бўлган 200 минг гектар суғориладиган ерларида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштиришга ихтисослаштирилган ҳудудларда танлов асосида узоқ муддатга уруғчилик хўжаликлари танланишини ҳамда ҳар йили қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари жойлаштирилишини таъминлаш вазифаси белгиланган

Шунга мувофиқ, ҳудудларда уруғлик пахта етиштириш ваколатига эга бўлиш учун танловлар асосида 3163 та хўжаликлар рўйхати шакллантирилди. Шунингдек, 2022 ҳосил йилида оригинал ва элита авлодига мансуб уруғлик пахта етиштиришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият сифатида фаолият юритувчи 52 та элита уруғчилик хўжаликлари ҳамда илмий тадқиқот институтларининг 18 та илмий тажриба станцияларида янги навларнинг уруғини дастлабки кўпайтириш йўлга қўйилди.

Бугунги кунда, Республика бўйича танловдан ўтган жами 3 минг 163 нафар фермер хўжалигидаги 102 минг 311 гектар майдонларда эртапишар, ўртапишар ва ингичка толали ғўза навларидан уруғлик пахта етиштириш мақсадида агротехник тадбирлар ўтказилмоқда. Айни пайтда далаларда униб чиққан уруғлик пахта майдонларининг қатор ораларига ишлов бериш, чопиқ қилиш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш каби кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Республика бўйича уруғлик пахта майдонларининг 5 минг 799 гектари (ёки 6 %) 1-2 чинбарг, 33 минг 169 гектари (ёки 33 %) 3-4 чинбарг, 63 минг 342 гектар (ёки 63 %) 5-6 чинбарг фазаларида ривожланмоқда.

Маълумки, қатор орасига биринчи ишлов бериш ишларини ўз вақтида бажарилиши тупроқ ғоваклигини ва унинг пастки қатламларига иссиқ ҳаво киришини таъминлаши билан аҳамиятлидир. Республика бўйича уруғлик майдонларида биринчи ишлов бериш ва чопиқ қилиш ишлари 102 минг 311 гектар майдонда ёки 100 фоиз амалга оширилган.

Яна бир жиҳат, уруғлик ғўза майдонлари парваришида чуқур юмшатиш ишлари талаб даражасида ўтказилиши эртаки ва мўл ҳосил етиштиришда жуда муҳим аҳамият касб этади. Агроинспекциянинг вилоят бошқармалари ва туман бўлими инспекторлари томонидан ғўза қатор ораларига чуқур юмшатгич билан ишлов бериш ишлари ҳам назоратга олинган.

Республика бўйича мавсум бошидан буён 77 минг 528 гектар ёки 77 фоиз уруғлик майдонларда чуқур юмшатиш ишлари амалга оширилган.

Шунингдек, агротехника қоидаларининг қўпол равишда бузилиши бўйича аниқланган камчиликни бартараф этиш юзасидан тегишли хўжаликлар раҳбарларига огоҳлантиришлар киритилиши таъминланмоқда.

Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармалари ва туман бўлимлари ходимлари томонидан агротехник тадбирларни ўз вақтида  амалга оширилиши юзасидан профилактика тадбирлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Н.Исмаилов — Уруғлик пахта хом ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи

Б.Усмонов — Уруғлик пахта хом ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими катта инспектори

Text to speech